Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва “Нукус вино заводи” АЖ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида “Хўжайли Тахиатош” йўналишидаги А-380 трассаси бўйидаги экин майдони ёнидаги сўқмоқ йўлида тўхтаб турган “Исузу” русумли юк машинасидан “Cobalt” русумли автотранспорт воситасига ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 5 литрли 118 дона ПЭТ идишларда “Антисептик” номли жами 590 литр этил спирти маҳсулотларини юклаётганлиги аниқланди. Шундан сўнг тадбир давом эттирилиб, Хўжайли туманида жойлашган қурилиши тўлиқ битмаган уй кўздан кечирилганда 5 литрли ҳажмдаги жами 122 дона ПЭТ идишларда “Антисептик” номли жами 610 литр этил спирти маҳсулоти ашёвий далил тариқасида олинди.
Тезкор тадбир давомида жами 1 минг 200 литр этил спирти маҳсулотининг ноқонуний ҳаракати ва сақловига чек қўйилди. Юқорида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири