Қашқадарё вилоятида божхона ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида ноқонуний тамаки маҳсулотлари айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими хабар берди.
Маълумотларга кўра, Кўкдала тумани ҳудудида “Тошкент-Қарши” йўналишида ҳаракатланаётган “Nexiа-3” русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширув давомида автомашина юкхонасидан жами 1 минг 980 қути турли номдаги тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланган.

Ушбу маҳсулотлар белгиланган тартибда акциз маркалари билан таъминланмаган бўлиб, мамлакатга ноқонуний йўллар орқали олиб кирилгани маълум бўлди. Маҳсулотларнинг умумий баҳоси 58 миллион сўмдан зиёд деб баҳоланмоқда.

– Аниқланган маҳсулотлар вақтинча сақловга олинган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқий суриштирув ишлари олиб борилмоқда, – дейди Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Бахтиёр Хайруллаев. – Контрабанда фақат иқтисодий эмас, балки ижтимоий хавфли оқибатларга ҳам эга. Шу боисдан бундай хатти-ҳаракатларга қарши кураш доимий равишда олиб борилади.

Мутасаддиларга кўра, ноқонуний тамаки маҳсулотлари таркибида инсон саломатлигига хавф туғдирувчи моддалар бўлиши эҳтимоли бор. Шу боис фуқаролардан қонунга зид маҳсулотларни истеъмол қилиш ва тарқатишдан тийилиш, ҳуқуқбузарлик ҳолатларини дарҳол тегишли идораларга хабар қилиш сўралмоқда.
Божхона органлари контрабандага қарши курашишни қатъий давом эттирмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири