Наманган вилояти рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган материалларнинг “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, вилоятда фаолият юритаётган тур операторлар томонидан Саудия Арабистони шаҳарларига “Умра” зиёрати тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид берилган рекламалар ўрганилди.
Натижада, жами учта тур операторга тегишли бўлган, яъни “Express parvoz”, “Umra ihlos” ва “Yuksak ahsan travel” номли телеграмм канал админларига нисбатан тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолда рекламалар жойлаштиргани ҳамда бу билан рекламага оид қонунчилик талабларини бузганлиги юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, ҳуқуқий баҳо бериш учун суд органларига юборилди.
Суд томонидан ижтимоий тармоқ каналлари масъуллари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун айбдор, деб топилиб, жарима жазоси қўлланилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.