Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан шаҳар-туманларида доимий назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Қурилиш объектларида аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли хулосалар берилмоқда.
Жумладан, Фарғона шаҳар “Лолазор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп квартирали уйнинг умумфойдаланишдаги ҳудудига фуқаро С.Исроилов томонидан тегишли ташкилотлардан рухсатнома расмийлаштирмасдан, ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилмалар қуриб олингани аниқланган. Ҳолат юзасидан фуқаро С.Исроиловга мазкур ноқонуний қурилмаларни 15 кунлик муддатда ихтиёрий равишда бузиб ташлаш тўғрисида бажарилиши шарт бўлган ёзма кўрсатма берилган. Бироқ у ушбу ноқонуний қурилмаларни белгиланган муддатда ихтиёрий равишда бартараф этмаган. Шу сабабли, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-моддаси 3-қисмига кўра, БҲМнинг 20 баробари миқдорида – 7 500 000 сўм маъмурий жарима қўлланилиб, ўзбошимча қурилмаларни буздириш ишлари амалга оширилди.

Бундан ташқари, мазкур кўп квартирали уйда истиқомат қилувчи мулкдорлар томонидан кўп қаватли уйнинг ертўла қисмидаги таянч ва тўсиқ конструкция деворлари бузилиб, ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилган. Уларга мазкур ҳолатларни ихтиёрий бартараф этиш тўғрисида мажбурий кўрсатмалар берилди.

– Таъкидлаш керакки, бу каби ўзбошимчаликлар кўп квартирали уйнинг мустаҳкамлигига, фуқаролар ҳаёти ҳамда саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин. Ўзбекистон Республикасиинг “Сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонуни (2025 йил 25 март, ЎРҚ-1050-сон)га асосан бундай ҳуқуқбузарликлар учун фуқароларга БҲМнинг 50 баробари, мансабдор шахсларга эса 100 баробари миқдорида маъмурий жарималар қўлланилишига, тегишли суд органлари орқали мазкур қонунбузилиш ҳолатларини бартараф эттириш тўғрисида даъво аризалари киритишга сабаб бўлади. Шунингдек, мазкур қонун билан агар кўп қаватли уйлар конструкциясига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритишга оид ҳуқуқбузарликлар бир йил давомида такроран содир этилган тақдирда, жиноий жавобгарликка сабаб бўлади, – дейди вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси шўъба бошлиғи Музаффар Қурбонов. – Бу каби тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар-туманларида олиб борилмоқда. Фуқаролардан эса қурилиш-монтаж ишларида тегишли муассасалардан рухсат олиш, ноқонуний қурилмаларга йўл қўймаслик сўралади.
М.Сулаймонов, ЎзА