Сўнгги йилларда юртимизда инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, ҳар бир шахс манфаатини ҳимоя қилиш, адолатни қарор топтиришга қаратилган ислоҳотлар самараси сифатида халқимизда қонун устуворлигига бўлган ишонч тобора ортиб бормоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистогн Республикасининг Элликқалъа туманидаги “Ибн Сино” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи У. Давлетов ўзига нисбатан чиқарилган суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қароридан норозилигини билдириб, туманнинг Адлия бўлимига мурожаат қилди.
– Мазкур ҳолат атрофлича ўрганилганда, фуқаро У.Давлетов биринчи инстанция судининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 101-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилганлиги, суд томонидан фуқарони маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос бўлган газ корхонаси ходими томонидан жорий йил 22 апрелда тузилган “Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати юзасидан газ ҳажмини ҳисоблаш далолатномаси” ноқонуний эканлиги маълум бўлди, – дейди Элликқалъа тумани Адлия бўлими давлат хизматлари маркази директори Низомжон Хаджиев. – Чунки, фуқаро умумий фойдаланишдаги газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланмаганлиги, фуқаро У.Давлетов 2024 йил ноябрь ойида хонадонини газ тармоғига улаш учун ариза берганлиги, шундан сўнг, туман газ корхонасининг масъул ходими уйига келиб, хонадонини табиий газ тармоғига улаб берганлиги, лекин, истеъмолчи билан шартнома тузишни қасддан кечиктириб келганлиги аниқланди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги қарорида 2-илова билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш Қоидалари”нинг 59-бандида маиший истеъмолчилар билан табиий газни етказиб бериш шартномаси тузилмаган тақдирда, шартнома истеъмолчи газ тармоғига белгиланган тартибда амалда уланган вақтдан бошлаб тузилган деб ҳисобланиши, бунда газ таъминоти ташкилоти мазкур истеъмолчи билан табиий газни етказиб бериш шартномасини тузиши ҳамда мазкур Қоидалардаги талаблар таъминланиши юзасидан зарур чораларни кўриши шартлиги белгиланган. Шунингдек, фуқарога нисбатан далолатнома расмийлаштиришда ҳам бир қатор қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Мурожаат эгасига юқори инстанция судига апелляция аризаси лойиҳаси тайёрлаб берилиши натижасида суд томонидан ноқонуний тузилган далолатнома ҳамда биринчи инстанция суди қарори бекор қилиниб, фуқаронинг ҳуқуқи тикланиши таъминланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири