АОКАда ўтказилган брифингда Бизнес-омбудсман ахборот хизмати раҳбари Жамшид Ҳасанов маълум қилишича, ўтган йили тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Бизнес-омбудсман томонидан тизимли ишлар амалга оширилган.
Хусусан, тадбиркорларга нисбатан содир этилган 20 минг 928 та қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 2 591 та таъсир чораси қўлланилган. Шундан 2 126 нафар мансабдор ва масъул шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилди ва 5,1 млрд. сўм жарима қўлланилди.
"Аниқланган ва кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларнинг аксарияти, яъни ҳудудлар кесимида Наманган вилоятида 243 тани, Самарқанд вилоятида 205 тани, Тошкент шаҳрида 189 тани ва Қашқадарё вилоятида 183 тани ташкил этган, — дейди Бизнес-омбудсман ахборот хизмати раҳбари Жамшид Ҳасанов. — Ушбу кўрсаткич соҳалар кесимида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати тизимида 321 та, Солиқ идораларида 250 та, Қурилиш вазирлиги тизимида 194 та ва Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси тизимида 179 тага тўғри келди. Шу билан бирга, тадбиркорлар манфаатларида 51,3 миллиард сўмлик даъволар киритилди.
Амалга оширилган ишлар натижада ноқонуний қабул қилинган 198 та қарор ва ҳужжат бекор қилиниб, 123 нафар масъул шахс интизомий жавобгарликка тортилди, тадбиркорларнинг 436 гектар ер майдонига бўлган мулк ҳуқуқлари тикланди.
Ш.Маматуропова, ЎзА