Қашқадарё вилоятида пиротехника маҳсулотларининг ноқонуний савдоси ва айланмасига қарши божхона органлари томонидан узлуксиз тарзда тарғибот ҳамда назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Шу мақсадда Божхона қўмитасининг вилоятдаги тузилмаси томонидан бир нечта тезкор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, тезкор тадбир давомида дастлаб, Қарши шаҳридаги “Санам” фабрикаси рўпарасида жойлашган автотураргоҳда тўхтаб турган “Дамас” русумли транспорт воситаси хoлислар иштирокида кўздан кечирилди. Текширув натижасида автомашина салонидан мамлакат ҳудудига ноқонуний йўл билан олиб кирилган 10 дона “Королевский салют” номли пиротехника воситалари аниқланган.
Шунингдек, навбатдаги тадбир давомида Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаронинг яшаш уйи ўрганилган. Хонадондан яшил рангли қопга жойланган 18 дона “7 shots” номли пиротехника воситалари борлиги маълум бўлди. Мазкур маҳсулотлар ҳам белгиланган тартиб талаблари бузилган ҳолда республикага кириб келгани қайд этилди.

Аниқланган пиротехника воситалари амалдаги тартибга мувофиқ расмийлаштирилиб, вақтинча сақлаш омборига топширилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг умумий қиймати 26 миллион сўмдан ортиқни ташкил этмоқда.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан зарур процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда. Божхона органлари томонидан айланмадаги ноқонуний маҳсулотларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири