Ноқонуний олиб чиқилаётган 16 минг 900 доллар ушлаб қолинди
“Термиз аэропорти” чегара божхона постида хорижга учаётган йўловчи Г.Б. белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда 16 минг 900 доллар яъни, 184 миллион 545 минг 296 сўмни ноқонуний олиб чиқиб кетаётгани аниқланди. Йўловчи бу маблағни божхона декларациясида кўрсатмаган ва божхона ходимларининг оғзаки сўровида ҳам маълум қилмаган.
Бу ҳақда ЎзАга хабар қилган Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ жисмоний шахслар эквиваленти 100 миллион сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд валюта маблағини Ўзбекистондан ташқарига божхона назорати қоидаларига риоя этган ҳолда чекловларсиз олиб чиқиши мумкин. Бунда 70 миллион сўм эквивалентидан ортиқ миқдордаги нақд чет эл валютаси учун йўловчи божхона декларацияси тўлдириши шарт.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА