Жиззах вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида йирик миқдордаги гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.
Ғаллаорол тумани ҳудудида Афғонистон фуқароси М.А.Р. шартли харидорга 1 килограмм “опий” гиёҳвандлик воситасини 510 миллион сўм (тахминан 40 минг АҚШ доллари) эвазига сотаётган пайтида қўлга олинди. Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятлар) ва 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини сақлаш ва уларни ноқонуний сотиш) асосида жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, “Сурхондарё – Жиззах” йўналишида ноқонуний фаолият юритган наркогуруҳ аъзолари — фуқаролар У.М., Х.Д. ва А.Н. Жиззах шаҳрида 800 грамм “опий” моддасини 240 миллион сўмга сотаётган вақтда жиноят устида қўлга олинди. Мазкур ҳолат бўйича ҳам худди шундай моддалар асосида жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда, ушбу наркогуруҳнинг бошқа аъзоларини аниқлаш ҳамда уларни қонун олдида жавобгарликка тортиш мақсадида тезкор-қидирув тадбирлари давом этмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири