English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ноқонуний истеъмол энергия барқарорлигига таҳдид солмоқда
14:56 / 2025-08-18

Республикамизда электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига қарши курашиш, соҳада қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.

“Ўзэнергоинспекция” ҳудудий бошқармалари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилаётган текширувлар давомида қатор йирик корхоналар, фермер хўжаликлари ва хусусий клиникаларда ҳисоблагич қурилмаларига ташқи таъсир кўрсатиш орқали ноқонуний равишда электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш ҳолатлари фош этилмоқда. Бу эса давлат корхоналарига миллиардлаб сўмлик моддий зарар етказиш билан бирга, иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатмоқда.

"Ўзэнергоинспекция" ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев бу ҳақда қуйидагиларни маълум қилди:

– Давлат мулкига қилинган ҳар қандай ноқонуний ҳаракат – халқимиз манфаатига хиёнат дегани. Чунки энергия ресурслари бутун жамиятнинг мулки бўлиб, ундан ноқонуний фойдаланиш барча фуқаролар манфаатига зарар етказади. Шу сабабли, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, назоратни кучайтириш ва қонунбузарларга қатъий чора кўриш жамият олдидаги муҳим вазифа.

Ачинарлиси, бу каби ноқонуний ҳолатлар давлат ва хусусий корхоналарга катта моддий зарар етказмоқда. Шу боис соҳада қонунийликни таъминлаш мақсадида назорат тадбирлари мунтазам олиб борилмоқда. Уларнинг натижасида ўғринча истеъмол ҳолатлари фош этилмоқда ва тегишли чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, яқинда Бухоро шаҳрида ўтказилган назорат тадбирида “K.S.K” МЧЖга қарашли савдо комплекси ҳисоблагич ток трансформатори қурилмасига ташқи таъсир кўрсатилгани аниқланди. Натижада электр таъминоти корхонасига 1,1 миллиард сўмлик зарар етказилгани қайд этилди. Шу каби ҳолат Андижон вилоятида ҳам кузатилди. Балиқчи туманида жойлашган "I. I." фермер хўжалиги сув насосини ўзбошимчалик билан тармоққа улаб, электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани ошкор этилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бунинг оқибатида корхонага 867 миллион сўмлик зарар етган.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги "Z.P.D." фермер хўжалиги сув насоси ҳисоблагичининг уланиш схемасини ўзбошимчалик билан ўзгартирган ҳолда ноқонуний равишда электр энергияси истеъмол қилгани фош этилди. Бу ҳолат ортидан давлат корхонасига 433 миллион сўмлик моддий зарар етгани аниқланди.

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш фақат электр соҳасида эмас, газ таъминотида ҳам учрамоқда. Хусусан, Бухоро вилояти Олот туманида жойлашган "J.M.K.T.K." МЧЖга қарашли тиббиёт марказида газ ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатилгани маълум бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра газ таъминоти корхонасига 482,4 миллион сўмлик зарар етказилган. Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ноқонуний истеъмол ҳолатлари нафақат давлат корхоналарига моддий зарар етказмоқда, балки мамлакат иқтисодиётида барқарорликка таҳдид солмоқда. Шу боис назорат тадбирлари орқали қонунийликни таъминлаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва энергия тежамкорликни ошириш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Насиба Зиёдуллаева,

ЎзА