Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ноқонуний ишдан бўшатилган ходимнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинди
10:07 / 2023-09-07

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)га Халқ банки Сирдарё вилояти филиалида ишлаган фуқаро Д.Э. ишдан ноқонуний бўшатилгани бўйича мурожаат қилди.

Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили мурожаатни назоратга олиб, ўрганиш олиб борди. Аниқланишича,  фуқаро Д.Э. банкда 2012 йилдан буён кассир лавозимида ишлаб келган. 2022 йил сентябрдан бола парваришлаш таътилига кетган ходим лавозимига ўтказилган. Шу йили ўша ходимнинг таътилдан қайтиши важи билан у ишдан бўшатилган.  

Фуқаро Д.Э.нинг иш берувчи ва қатор тегишли ташкилотларга  ишга тиклаш бўйича мурожаатлари самара бермаган.  

Ўрганиш натижасида фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари бузилгани аниқланди ва қонунбузилиш ҳолатлари асослантирилган ҳолда Халқ банки бошқаруви раисига Омбудсман тақдимномаси киритилди.  

Натижада фуқаро Д.Э. кассир лавозимига ишга тикланди.  

Омбудсман ахборот хизматидан маълум қилишларича, 2023 йил биринчи ярмида Омбудсманга 7 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг 27,1 фоизи фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, 28,7 фоизи ижтимоий ҳуқуқлар, 31,4 фоизи иқтисодий ҳуқуқлар, 10,8 фоизи фуқароларнинг мурожаат этиш ва 1,9 фоизи экологик ҳуқуқларга оид бўлган.    

30 нафарга яқин фуқаро асоссиз ишдан бўшатилгани аниқланиб, уларнинг ишга тикланишига эришилган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилгани сабабли 6 ҳолатда иш берувчи маъмурий жавобгарликка тортилган.  

Омбудсман томонидан ҳисобот даврида давлат органлари ва ташкилотлар мансабдор шахсларига таъсир чоралари шаклидаги 76 ҳужжат киритган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробарга ошган.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА