Ноқонуний иш – келтирар ташвиш
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқароларни ноқонуний равишда Европа Иттифоқи ва Лотин Америкаси давлатлари орқали АҚШга юбориш билан шуғулланиб келаётган уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Аниқланишича, Оқдарё туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро А.Д. Пастдарғом туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган шериги М.Ш. билан жиноий тил бириктирган ҳолда АҚШда вақтинча истиқомат қилувчи жиноий шериги орқали маҳаллий фуқарони “Ўзбекистон – Испания –Мексика – АҚШ” йўналиши орқали ноқонуний равишда АҚШга юбориш эвазига умумий миқдорда 44 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 40 минг АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳозирда, ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА