Ноқонуний ҳолатлар сабаб тизимга 1 миллиард 722 миллион сўм зарар етказилган
Фарғона вилоятида ўтказилган назорат тадбирларида аниқланишича, 45 ҳолатда истеъмолчилар табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
"Ўзэнергоинспекция" матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ноқонуний ҳолатлар сабабли 599 миллион 300 минг метр куб табиий газ ва 1 миллион 236 минг киловатт соат электр энергияси талон-торож қилинган. Бу тизимга 1 миллиард 722 миллион сўм зарар келтирган.
Ушбу ҳажмдаги табиий газ қарийб 3 мингта, электр энергияси эса 6 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенгдир.
Ҳозирда қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим этилди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА