Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қоракўл туман бўлими томонидан “Бухоро сув таъминот” АЖ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда тумандаги “D.G.” МЧЖга қарашли савдо комплекси ҳамда “E.b.” НТМ масъул шахслари ўзбошимчалик билан ичимлик суви тармоғига уланиб, жами 1,2 миллиард сўмлик ичимлик сувидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Шунингдек, Департаментнинг Жомбой туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Y.b.” фермер хўжалиги масъул шахслари 2 дона сув насосини электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб, жами 229,4 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Департаментнинг Андижон шаҳри бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро У.Д. “Шодлик” МФЙ ҳудудидаги гўшт дўконини тижорат мақсадида электр тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри улаб, 118 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган. Хонқа туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса “T.H.” МЧЖ раҳбари Т.И. тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 114,2 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири