Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ноқонуний фаолият қурбони бўлманг!
11:44 / 2025-07-23

Сирдарё вилоятида яшовчи 28 ёшли Дилноза хорижда ишлашни орзу қиларди. У интернетда “Германияга ҳамширалик ишларига юборилади”, деган рекламага дуч келди. Телеграм орқали боғланган шахс ундан ҳужжатлар тайёрлаш ва виза олиш учун 1 минг 200 доллар сўради. “Ишга жойлашиш кафолатли”, деб ишонтирди.

Дилноза қарз эвазига пул топиб, ўша одамга жўнатди. Аммо орадан икки ҳафта ўтиб, у билан боғланган шахс ғойиб бўлди. Телефони ҳам, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳам ўчирилган эди. У на пулни қайтара олди, на хорижга чиқди.

Энди у расмий органларга мурожаат қилиб, ҳуқуқий ёрдам сўрамоқда. Аммо ўз вақтида текширмагани ва шошма-шошарлик қилгани учун қаттиқ афсусланмоқда. Бу каби воқеалар кўплаб инсонларнинг ҳаётини издан чиқармоқда. Боиси, ҳозирги кунда хорижда ишлаш орқали даромад топиш кўплаб юртдошларимизни ўзига жалб этмоқда. 

Интернет ва ижтимоий тармоқларда фуқароларни хорижий давлатларга ишга юбораётган турли консалтинг компаниялари ва воситачилар реклама қилинмоқда. Афсуски, кўплаб ҳолатларда бундай хизматлар ноқонуний бўлиб, улар орқали чет элга чиққан фуқаролар алдов қурбони бўлиб, оғир аҳволга тушиб қолмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бундай ноқонуний фаолият юритаётган шахс ва ташкилотларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда. Шу билан бирга, расмий лицензияга эга бўлган 18 та хусусий бандлик агентликлари рўйхати эълон қилинган. 

Лицензияга эга бўлмаган шахс ёки компаниялар томонидан хорижда ишга жойлаштириш хизматларини таклиф этиш тақиқланган. Аммо амалда фуқароларни катта пул эвазига ишга юбораман, деб ваъда бериб, хизмат кўрсатмасдан уларни чув туширадиган ноқонуний воситачилар ҳамон учраб турибди.

Шу муносабат билан, Рақобат қўмитаси хорижда ишлаш ниятида бўлган фуқароларимиздан қуйидагиларга эътиборли бўлишларини сўрайди.

Иш берувчи ёки воситачининг ҳуқуқий мақоми ва ишончлилигини текшириш, таклиф этилаётган иш шартлари билан (юзма-юз ёки онлайн) ёзма меҳнат шартномаси орқали танишиб чиқиш, шартнома тузишдан олдин имкони бўлса, юрист маслаҳатидан фойдаланиш, шубҳали ва ҳужжатсиз таклифлардан қатъий воз кечиш лозим.

Хорижга чиқишни ният қилган ҳар қандай шахслар ёки тадбиркорлик субъектлари томонидан чет элга ишга юбориш бўйича билдириладиган асоссиз таклифларга алданиб қолмаслик, ҳуқуқий саводли бўлиш, шартноманинг бандларини чуқур ўрганиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди.

Шунингдек, хорижий давлатларга қонуний тартибда ишлаш учун бормоқчи бўлган ватандошларимиз электрон платформадан (https://xorijdaish.uz/) зарур маълумотларни олишлари мумкин.

Ҳар қандай иш таклифига алданишдан аввал унинг ҳуқуқий асосларини синчиклаб ўрганиш зарур. Хорижда ишлашни хоҳлаётган фуқаролар фақат давлат томонидан лицензияланган агентликлар ва расмий ташкилотлар орқали мурожаат қилиши керак. Огоҳлик ва ҳушёрлик — сизни ноқонуний фаолият қурбони бўлишдан асрайди.

Нигора Раҳмонова,

ЎзА