Сирдарё дарёсининг Гулистон туманида навбатдаги экологик рейд тадбири ўтказилиб, ноқонуний балиқ овлаш билан шуғулланган бир гуруҳ фуқаролар фош этилди.
Улар электр қармоқ ва резина қайиқ ёрдамида 36 та балиқ, жумладан, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган “Туркистон мўйловдори”ни ҳам овлагани аниқланган.
Мазкур ҳолатда “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида” ҳамда “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлар қўпол равишда бузилган.
Ҳисоб-китобларга кўра эса ҳайвонот дунёсига етказилган зарар миқдори 694 миллион 220 минг сўмни ташкил этган.
Рейд давомида ноқонуний овда қўлланилган электр қармоқ, резина қайиқ, икки дона аккумулятор, эшкак ва бошқа жиҳозлар мусодара қилинган. Барча далиллар вақтинча сақлаш учун олиб қўйилган.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, материаллар Сирдарё вилояти прокуратурасига юборилган.
М.Эшмирзаева, ЎзА