Сирдарё вилоятида ноқонуний балиқ овлаш билан шуғулланган икки фуқаро ҳайвонот дунёсига катта миқдорда зарар етказди. Расмий маълумотларга кўра, уларнинг қонунга хилоф ҳаракатлари оқибатида табиатга етказилган зарар ҳажми 352 миллион 672 минг сўмни ташкил этган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик назорат инспекцияси, Сирдарё сув ҳавзасини назорат қилиш бўлими, вилоят ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган рейд давомида мазкур ҳуқуқбузарлик фош этилди.

Маълум бўлишича, Гулистон туманининг Бахмал маҳалласи ҳудудида яшовчи фуқаролар А.Т. ва М.Д. “Шўразак” зовурида электр ёрдамида бир неча турдаги 37 дона балиқ, яъни 20 дона “Кумуш товон”, 3 дона “Мой балиқ” ва 14 дона “Илонбош” ни ноқонуний равишда овлашган. Улар резина қайиқда балиқларни сув ҳавзасидан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган пайтларида қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, электр қармоқ, резина қайиқ, аккумулятор, эшкак жуфти, тутгич ва тунги ёритиш мосламаси каби ноқонуний ов қуроллари вақтинчалик сақлаш учун олиб қўйилди.

Текширув натижаларига кўра, овга чиққанлар “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида” ҳамда “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг моддалари талабларини бузганлари аниқланди.
Ҳайвонот дунёсига етказилган зарар базавий ҳисоблаш миқдорининг 865 баравари миқдорида ҳисобланиб, ҳуқуқбузарлик бўйича тўпланган ҳужжатлар Сирдарё вилояти прокуратурасига юборилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири