Табиат неъматларини асраб-авайлаш, сув ресурслари ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш — давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Броканерликга қарши қатъий чоралар кўрилиши, қонунбузарларга нисбатан жазо муқаррар эканлиги ҳамда табиатга бефарқликка йўл қўйилмаслиги эса бу борадаги тизимли ишлар самарасидир.
Шу мақсадда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Давлат экологик назорат инспексияси, Сирдарё сув ҳавзасини назорат қилиш бўлими ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида навбатдаги тезкор рейд ўтказилган.
Тадбир давомида фуқаролар А.У. ва Ш.У. Сирдарё дарёсининг Бўка тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида тақиқланган электр қармоқ ёрдамида 8 хилдаги жами 31 дона балиқни ноқонуний тарзда овлаганлиги аниқланган. Шу билан бирга, овланган балиқлар орасида Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган 3 дона “Туркистон мўйлабдори” ҳам бўлган.
Ҳуқуқбузарлар балиқлар, электр қармоқ, резина қайиқ, сеткали тутқич, аккумуляторлар ва бошқа жиҳозларни “Cоbalt” русумли транспорт воситасига юклаб ҳудуддан олиб чиқиб кетиш жараёнида тўхтатиб қолинган. Ноқонуний ов натижасида ҳайвонот дунёсига 679 миллион 400 минг сўм зарар етказилган.
Барча далиллар қонуний тартибда расмийлаштирилиб, овланган балиқлар ҳамда тақиқланган қуроллар вақтинча сақлаш учун олиб қўйилган. Ноқонуний овда фойдаланилган транспорт воситаси эса жарима майдонига жойлаштирилган.
Мазкур фуқаролар аввал ҳам ноқонуний балиқ овлагани учун жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этаётганига қарамасдан, улар қисқа вақт ичида худди шу ҳуқуқбузарликни такроран содир этгани ҳолатнинг жиддийлигини кўрсатади. Ҳужжатлар тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/I1Vq7vA0cr0" title="Noyob qush va baliqlar qutqarildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, ЎзА