Очиқдан-очиқ, баъзида яширинча қилинган ов ҳамда браконерлик ҳаракатлари кўпгина ҳайвонларнинг кескин камайиши, баъзиларининг эса бутунлай йўқ бўлиб кетишига олиб келади.
Табиат ресурслари вазирлиги мутахассиси Нодирбек Жамбурбаевнинг таъкидлашича, браконерликка қарши курашиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида доимий равишда тезкор рейд тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.
Жорий йил 21 февраль куни Табиат ресурслари вазирлиги Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари томонидан тунги назорат тадбири ўтказилган. Оқолтин туманида Сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидан оқиб ўтган зовур атрофида икки нафар фуқаро томонидан 6 турдаги 26 дона балиқ ноқонуний равишда электр қармоқ ёрдамида овлангани аниқланган. Бу билан ҳайвонот дунёсига 25 миллион 740 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Шунингдек, 22 февраль куни ўтказилган рейд тадбирлари давомида Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани ҳудудидан оқиб ўтган зовур атрофида икки нафар фуқаро томонидан 8 турдаги 19 дона балиқ ноқонуний равишда овлангани аниқланган. 13 миллион 140 минг сўм миқдорида ҳайвонот дунёсига етказилган зарар ҳисобланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарлардан икки дона резина қайиқ, икки дона аккумулятор, 2 дона электр қармоқ каби ов қуроллари олиб қўйилган бўлиб, юқоридаги ҳолатлар юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Уларга нисбатан қонуний чора кўриш ва ҳайвонот дунёсига етказилган зарарни ундириш мақсадида барча тўпланган ҳужжатлар суд органларига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.
Шунингдек, Тошкент денгизида ўтказилган назорат тадбирлари давомида бир дона резина қайиқ ва ва бошқа қуроллар ёрдамида балиқ овлашга тайёргарлик кўраётган фуқаро аниқланди.
Ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига асосан маъмурий жарима белгиланиб, ашёвий далил сифатида ов қуроллари олиб қўйилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА