Андижон вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан “Дўстлик” чегара божхона пости орқали нонлар орасига яширилган 18 минг 800 АҚШ доллари қийматидаги валютани юртимиздан олиб чиқиб кетилишининг олди олинди.
Божхона назоратидан ўтиш учун қизил йўлакни танлаган фуқаро ўзининг ёнида белгиланган меъёр доирасида валюта борлигини маълум қилиб, йўловчи божхона декларациясини тўлдиради. Декларация расмийлаштирилганидан сўнг божхона ходими фуқаронинг қўл сумкаларини назоратдан ўтказди.
Натижада, оғзаки сўровда қариндошлари учун олинган нон ва қанд-қурс солинганлиги айтилган сумкадаги нонлар орасидаги “қанд-қурс”лар аслида 18 минг 800 АҚШ доллари эканлиги аниқланди.

Фуқаронинг ушбу хатти-ҳаракатлари юзасидан божхона органлари томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Яширинча олиб ўтиб кетилаётган 18 минг 800 АҚШ доллари вақтинча сақловга олинди.
Божхона ходимларининг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунига кўра, жисмоний шахслар эквиваленти 100 миллион сўмгача бўлган нақд валюта маблағларини мамлакатдан чиқаришлари мумкин, бу жараёнда божхона назорати қоидаларига риоя қилиниши талаб этилади.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА