Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нон оқизиб еган ариқларимизга энди чиқинди ташлаяпмиз (+видео)
19:26 / 2022-08-05

Кўпчилик ҳамюртларимиз таътилни оила аъзолари билан мириқиб дам олиб, бассейнларда чўмилиш билан ўтказмоқда. Аммо ҳамма ҳам ўзига тетиклик ва яхши кайфият берувчи чўмилиш ҳавзаларидаги сувнинг қадрига етавермайди. «Мен ўзим маза қилиб чўмилдим, бошқалар билан нима ишим бор», дегувчилар ҳам йўқ эмас. Дам олиш оромгоҳларидаги сувларга турли чиқиндиларини ташлаб кетаётган одамлардан кўпинча назоратчилар нолиб қолишади.

Санитария-эпидимиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бош мутахассиси Рауфжон Қосимов ҳамда Тошкент шаҳар бошқармаси Болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими мудири Дилфуза Ҳикматовалар чўмилиш одоби ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

— Ёш болалар билан катталарни битта бассейнда чўмилиши гигиенага тўғри келадими?

— Болалар учун мўлжалланган чўмилиш ҳавзаларида алоҳида шароит яратилган, яъни бассейн ичи чуқур бўлмаслиги, чиқиб-тушадиган жойлари бўлиши керак. Одамларни ва болаларни сони меъёрдан ошмаслиги ҳамда график бўлиши шарт. Мисол учун, бир соатда бассейнда нечта одам чўмилиши кераклиги ҳақида графикда тўлиқ ёзиб қўйилади. Агар одамларнинг сони меъёрдан ошмаса, чўмилиш мумкин. Шуни эътиборга олиш керак.

— Айрим одамлар чўмилиш ҳавзаларига тупуришади. Бассейнларда чўмилганда гигиенага риоя қилиш зарурлигини уқтириш кимнинг зиммасида?

— Ёшлигимизда ҳовлимиз четидан ариқ ўтарди. Буви-боболаримиз тандирда ёпилган нонни ариқда оқизиб ер эканлар. Бу ҳақда бизга тез-тез гапириб, сувни қадрлаш ҳақида эслатиб туришарди. Ҳозир сувга нисбатан пала-партиш қараш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бирлашган Миллатлар ташкилоти олимларининг таъкидлашича, 2030 йилга келиб сувга эҳтиёж ҳозиргига қараганда 60 бараварга ошар экан. Демак, биз ичимлик сувлари, сузиш ҳавзалари, дарё ва кўллардаги сувларга эътиборли бўлишимиз керак. Ҳар бир босаётган нотўғри қадамимиз келажак авлодни зарарлашини онгимизга сингдиришимиз шарт.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/9i5hD2NSORc" title="НОН ОҚИЗИБ ЕГАН АРИҚЛАРИМИЗГА ЭНДИ ЧИҚИНДИ ТАШЛАЯПМИЗ +ВИДЕО" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

Албатта сувга бўлган эътиборни оширишда бизга мактабдаги педагоглар, маҳалла фаоллари, ўзини-ўзи бошқарувчи ширкатлар ёрдам беришади. Ҳозир ҳар бир фуқарога жамият олдидаги бурчларини кимдир ўргатиши шарт эмас, ўзи билиб бажариши зарур.

Ота-оналаримиз чўмилиш ҳавзасига борганда, ўзлари намуна бўлишлари керак. Агар дам олишга чиқиб, ҳар хил ичимлик сувларидан бўшаган идишларни ўша ерга ташлаб, ифлослантирсак, албатта фарзандларимиз ҳам шу ҳолатни такрорлайди. Ҳар бир инсон ўз устида ишлаб, яшаш маданиятини ошириши керак.

— Хорижда одамларнинг чўмилиш ҳавзаларига бўлган эътибори қандай?

— Аслида ҳамма жойда сув ҳавзаларига бўлган эътибор ҳам, талаб ҳам бир хил. Аммо хорижда биздан кўра маданият юқори. Албатта жамоат жойида бир одам яхшиликни кўргандан кейин иккинчи одам ҳам ундан андоза олади. Бир одам қоидани бузса, бошқалар ҳам унга эргашиб кетаверади. Чўмилиш ҳавзаларига борган одамлар тартибли бўлса, бошқалар ҳам уларга эргашади.

Н. Раҳмонова, Н. Абдувоитов (видео), ЎзА