Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Улуғбек Иноятовнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили сайловчилар билан бир қатор учрашувлар ўтказди.
Янгиқўрғон туманидаги Қораполвон маданият марказида бўлиб ўтган сайловолди ташвиқоти аввалида ишончли вакил, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шоҳиста Турғунова йиғилганларни номзоднинг сайловолди дастури билан атрофлича таништирди. Хусусан, номзод дастуридаги давлат ҳисобидан олий таълим олиш тизимини такомиллаштириш, кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли фарзандларининг таълим олишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда талабаларнинг дарсни ўзлаштириши ва уларнинг инновацион фаолиятда иштирокига қараб, стипендиялар миқдорини белгилаш ташаббуслари ҳақида атрофлича тушунтиришлар берди.


Учқўрғон туманидаги 19-сонли умумтаълим мактаби биносида номзоднинг ишончли вакили иштирокида сайловчилар билан ўтказилган учрашув ҳам фуқароларнинг юксак кўтаринкилиги ва сиёсий фаоллиги тарзида кечди. Ишончли вакил Президентликка номзод Улуғбек Иноятовнинг таржимаи ҳоли ҳақида тўхталди. Сўнгра, сайловолди дастурда ЎзХДПдан номзод илгари сурган таклиф-ташаббусларнинг устувор жиҳатларига эътибор қаратди. Таъкидлаб ўтилганидек, дастурда иш билан таъминланмаган фуқароларни, айниқса, ишсиз аёллар сонини кескин камайтиришга урғу берилган. Сайловолди ташвиқотларида ишончли вакил сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Улуғбек Иноятовни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА