Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир –сайловга Наманган вилоятида ҳам пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
“Адолат” социал-демократик партияси ташкилотларида тарғибот-ташвиқот ишлари қизғин паллада. Мазкур жараёнда энг аввало, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланилди.
– Барча ишларни мувофиқлаштиришни сайловолди штабимиз ўз қўлига олган, – дейди “Адолат” СДП вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Баҳодир Болтабоев. – Меҳнат жамоалари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг таклифларига биноан жойларга фаолларимиздан иборат гуруҳларни юбориб турибмиз. Улар аҳолини партиямиздан Президентликка номзод Робахон Махмудованинг сайловолди дастури, таржимаи ҳоли билан яқиндан таништирди.


Номзоднинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси, депутат Исроилжон Жўраев иштирокидаги сайловчилар билан учрашувлар ҳам юқори савияда ўтди. Уларни юртимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақидаги салмоқли ҳамда қизиқарли суҳбатларга қиёслаш мумкин.

– Вилоятнинг Поп, Мингбулоқ, Давлатобод туманларида Президентликка номзоднинг ишончли вакили билан учрашувларда қатнашдик, – дейди “Адолат” СДП Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби Нурбек Абдуллаев. – Эътиборли жиҳати уларнинг ҳар бирида иштирокчиларнинг тоифасига қараб мавзу танланди. Масалан, Давлатободда ижтимоий адолатни ва миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш диққат марказида бўлди. Чунки бу туман янги ташкил этилган, ишлаб чиқариш жадал тараққий этмоқда. Попда эса атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида олға сурилган масалаларга урғу берилди.


Мингбулоқликлар билан суҳбатда эса ҳуқуқий давлат қуришга оид вазифалар барчанинг қизиқишига сабаб бўлди. Умуман олганда, “Адолат” СДП томонидан кўрсатилган номзоднинг ишончли вакили томонидан Наманганда ўтказилган сайловолди ташвиқоти учрашувлари қизиқарли ўтди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.