Тошкент вилоятида 662 нафар талабгор мактаб маслаҳатчиси лавозимлари учун ўз билимларини синовдан ўтказмоқда.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 декабрдаги “Келажак” марказлари фаолиятини тартибга солишга қаратилган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бўйича туман-шаҳарлардаги “Келажак” маркази директори ва ўқувчилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими учун икки босқичдан иборат синов белгиланган.

Тошкент вилоятида ҳам мазкур лавозимларга талабгор номзодлар учун имтиҳонлар ташкил этилди. Унга кўра, янги илм масканларидаги 300 та ўрин учун муносиблар сараланади. Иштирокчилар 90 дақиқа ичида 30 та тест топшириқларини бажариши лозим ва энг юқори балл тўплаганлар кейинги – суҳбат босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.

Тест жараёнлари белгиланган тартиб ва талаблар асосида, очиқ ва шаффоф тарзда ташкил этилиб, номзодларнинг билим ҳамда малакалари холисона баҳоланмоқда. Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шукур Бурҳонов марказда бўлиб, жараёнларнинг ташкил этилиш ҳолатини кўздан кечирди.

Жараёнлар давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.