Сирдарё вилояти Кенгаши депутатлигига бўшаб қолган ўрин учун ўтказилаётган сайловлар доирасида Гулистон шаҳрида сайловчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда O‘zLiDeP томонидан “8-Маданият” сайлов округи бўйича депутатликка кўрсатилган номзод — Эркинжон Турдимов иштирок этиб, ўз сайловолди дастурини тақдим этди.
Номзод ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар, 2025 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган режалар ҳақида атрофлича маълумот берди. Қайд этилганидек, ўтган ҳисобот йилида таълим муассасаларини реконструкция қилиш, ички йўлларни таъмирлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш, ичимлик ва оқова сув тармоқларини янгилаш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилиб, ушбу мақсадларга қарийб 50 миллиард сўм йўналтирилган.

Шунингдек, 2026 йилда мактабларни капитал таъмирлаш, оқова сув тармоқларини кенгайтириш ҳамда ички йўлларга асфальт ётқизиш ишларини давом эттириш режалаштирилгани маълум қилинди. Мазкур лойиҳалар учун 55 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Гулистон шаҳрининг маҳалла қисми билан шаҳар марказини боғловчи темир йўл устидан ўтган пиёдалар кўпригидаги мавжуд ноқулайликларни бартараф этиш чоралари ҳақида ҳам ахборот берилди. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар, кекса авлод ва ёш болали оналар учун қулайлик яратиш мақсадида кўприкка лифт ўрнатиш, шунингдек, темир йўл остида ер ости ўтиш туннели қуриш бўйича ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Учрашувда бир қатор маҳаллалардан келган сайловчилар, нуронийлар, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар, партия аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди. Тадбир давомида фуқароларнинг сайлов жараёнларида фаол иштироки ва юксак фуқаролик масъулияти демократик ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Мулоқот чоғида сайловчилар ҳудуддаги долзарб муаммолар — йўлларни таъмирлаш, электр таъминотини яхшилаш, ичимлик ва оқова сув тармоқларини янгилаш, тунги ёритиш тизимини ўрнатиш, 13 дан ортиқ масала юзасидан саволлар билан мурожаат қилди. Номзод ҳар бир масала бўйича батафсил жавоб бериб, уларни босқичма-босқич ҳал этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланишини билдирди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири