Мажбурий ижро бюросининг Навоий вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари иш юритувида бўлган номулкий турдаги ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, Бюро органлари томонидан номулкий тусдаги, хусусан, суд қарори билан қарздорларни уйдан чиқариш ёки киритиш, вояга етмаган фарзандларни ота ёки она тарбиясига олиб бериш, ноқонуний қурилмаларини бузиш, яқин қариндошларнинг ўртасидаги мол-мулкни бўлиш ёки мол-мулкни олиб бериш, ишга тиклаш ва бошқа турдаги ижро ишларини амалда ижро этиш ўзига хос мураккаб ижро ишлари тоифасига киради.

Бу тоифадаги ижро ҳужжатлари бўйича ундирувчи ишнинг тезроқ ҳал этилишини кутса, иккинчи томон - қарздор давлат ижрочисининг қонуний талабини билиб-билмай ёки атайин вазиятни кескинлаштиришга ҳаракат қилади.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида иш юритувга 1 080 та шу турдаги ижро ҳужжатлари келиб тушган. Уларнинг 328 таси бола кўрсатиш ёки олиб бериш билан боғлиқ бўлса, қолгани уйга киритиш, уйдан чиқариш, ноқонуний қурилмаларни бузиш кабиларни ташкил этади. Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида 272 та мазкур тоифадаги ижро ҳужжатларининг ижроси тамомланган.
Бюро органлари томонидан бу борадаги амалий тадбирлар давом эттирилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири