Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Номоддий маданий мерос муҳофазаси ва тарғиботи масалалари қандай?
16:16 / 2023-11-22

Маълумки, ҳар қандай миллатнинг ўзлиги ва ҳатто борлиги унинг тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналари каби омиллар билан белгиланади. Маданий ўзига хосликни шакллантириш учун аждодлар ҳаётий тажрибасини давом эттиришнинг аҳамияти дунёнинг аксар мамлакатлари томонидан ҳамда халқаро миқёсда эътироф этилган ва бу борада хайрли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистонда ҳам номоддий маданий мерос билан боғлиқ масалаларга давлат даражасида катта эътибор қаратилган ва бу соҳадаги муносабатлар бир қатор қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб турилади. Хусусан, “Ўзбекистон – 2030" стратегиясида белгилаб қўйилган мақсадлар орасида маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва оммалаштириш билан боғлиқ фаолиятни такомиллаштириш борасида алоҳида вазифалар белгиланган.  

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти томонидан бу борада кўпгина диққатга сазовор ишлар амалга оширилмоқда.  

Улар орасида "ichLinks" номли халқаро дастурни йўлга қўйиш бўйича фаолият алоҳида ўрин тутади. Дастурнинг асосий моҳияти турли давлатлардаги номоддий маданий мерос бўйича кенг қамровли маълумот жойланиши кўзда тутилган онлайн платформа яратиш ва уни юритиб бориш билан боғлиқ чора-тадбирлардан иборат. Бу анчагина салмоқли ва чинакамига давлатлараро дастур бўлиб, ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мерос бўйича Осиё-Тинч океани минтақаси халқаро ахборот ва тармоқлашув маркази раҳбарлигида амалга оширилади.  

Шу бугунга келиб мазкур дастур Камбоджа, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Малайзия, Мўғулистон, Сингапур, Тожикистон, Шарқий Тимор, Вьетнам, Ўзбекистон каби давлатларда фаолият олиб борадиган маслакдош ҳамкасбларни бирлаштирадиган ажойиб ўзига хос бир тармоққа айланган.

Мазкур дастур лойиҳаси доирасида жорий йилда Қорақалпоғистон ва тўртта вилоятга фольклор этнографик экспедициялар уюштирилди. Яна тўрт вилоят ва Тошкент шаҳрида аҳоли, хусусан ёшлар орасида ижтимоий сўровлар ўтказилди.  

Экспедициялар давомида қадимги урф-одатлар, ижрочилик санъати намуналари, ҳунармандчиликка оид билим ва кўникмалар ўрганилди. Булардан ташқари, НММ бўйича рақамли контентлар ҳажмини кўпайтириб, Интернет ва ОАВ орқали тегишли тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш чоралари кўрилди. Олинган материаллар уч тилда китоб-альбом шаклида чоп этиш жараёнида ишлатилади.  

НММ мутахассиси Норбек Хайруллаевнинг таъкидлашича китоб-альбом маълум даражада тегишли сурат ва ҳаволалар билан бойитилган ва бу ўқувчида мавзу ҳақида тўлиқроқ тасаввур ҳосил бўлишига хизмат қилади. Эътиборга лойиқ томони шундаки, лойиҳа давомида юртимиз ҳудудларидан Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сурхондарё, Фарғона ва Андижон вилоятларига уюштирилган фольклор-этнографик экспедициялар ҳамда Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ва Чимкент шаҳри, Қирғиз Республикасининг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятлари, Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти ҳамда Хўжанд, Регар ва Душанбе шаҳарларидаги ўзбек миллий маданий марказлари билан алоқалар ўрнатиш тадбирлари вақтида олинган материаллардан ҳам унумли фойдаланилган.  

Амалга оширилган тадбирлардан яна бир йўналиши НММ бўйича энг яхши фото ва видеоматериаллар ҳамда уюштирилган энг яхши экспедицияларни аниқлаш мақсадидаги кўрик-танловлар билан алоқадор.  

– Мазкур кўрик-танлов номоддий маданий меросни тарғиб этувчилар фаолиятини кенг жамоатчиликка етказиш, у билан боғлиқ тадбирлар фотосуратлар ва видеотасвирларнинг танлови орқали меросимиз тўғрисидаги маълумот тарқатилишига эришиш мақсадида ташкил этилди, –дейди Институт мутахассиси Шуҳрат Абдуллаев. – Танлов номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш ишлари бўйича республика аҳолиси ва айниқса, ёшларнинг хабардорлиги, иштироки даражасини ошириш, бу борадаги фаолият кўламини кенгайтириш, услубини такомиллаштириш, тегишли маълумотларни оммалаштиришга йўналтирилган асосий тадбирлардандир.  

[gallery-14716]

Тошкент шаҳар Учтепа туман маданият марказида мазкур дастур доирасидаги фаолият тўғрисида тақдимот ҳамда танловлар ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.  

Унда тегишли ташкилот ва муассасалар вакиллари, маданият марказидаги тўгараклар аъзолари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.  

Ғолибларга дипломлар ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан эсдалик совғалари топширилди.  

Н.Раҳмонова, Д.Эрназаров (фото) ЎзА.