Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Номига мос юксалган “Юксалиш” (+видео)
18:57 / 2024-08-20

ФОТОРЕПОРТАЖ

Фарғона вилояти Бағдод тумани марказидан 10 километр узоқликда жойлашган “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳар жиҳатдан юксалган масканлардан. Бу кейинги йилларда ўз-ўзини бошқаришнинг ноёб институти бўлган маҳалла тизимида амалга оширилаётган ҳаётбаш ислоҳотлар самарасидир.

Айни пайтда маҳалладаги 565 хонадонда қарийб 3300 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳозирда ҳудудда мамлакатимиз маҳаллалари ичида тажриба тариқасида ташкил этилган дастлабки “Юксалиш” маҳалла сервис компанияси фаолият кўрсатмоқда. Компания раҳбари Абдурашид Сирожиддиновнинг қайд этишича, бу ерда 10 та доимий ва 20 та мавсумий иш ўрни бўлиб, қишлоқ хўжалиги техникалари, меҳнат қуроллари, оила учун зарур бўладиган қурилиш маҳсулотлари мавжуд. Компания ходимлари томонидан ҳудудни тозалаш, ободонлаштириш, дурадгорлик, чилангарлик, боғбонлик каби 24 турдаги хизматлар йўлга қўйилган. Энг муҳими, ҳар қандай буюртма тез, сифатли ва нисбатан арзон нархда бажарилади.

[gallery-18797]

Паррандачилик, чорвачилик, оилавий тадбиркорлик, иссиқхонада турли маҳсулотлар етиштириш маҳалла драйвери сифатида белгиланган. Шу йилнинг баҳорида ижтимоий дафтарлар рўйхатида турган 30 та оилага субсидия асосида 1000 донадан товуқ тарқатилиб, хонадонларда замонавий товуқхона ҳам қуриб берилди. Хориждан қайтган 17 нафар меҳнат мигрантига тадбиркорликни йўлга қўйиши учун кўмаклашилди.

Маҳаллада жойлашган “Гулнора Матқулобод бодомлари” ишлаб чиқариш кооперациясида бир ойда ўртача 85-90 тонна бодом қайта ишланиб, қадоқланган ҳолда мамлакатимиз ички бозорларига етказиб берилмоқда. Бугунги кунда кооперацияга ҳудуддаги 500 нафар касаначи жалб этилган.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ccLqy45Pxsg" title="Nomiga mos yuksalgan “Yuksalish”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Шу кунларда кооперация раҳбари Самарқанд вилоятида бўлиб, соҳада катта ҳаётий тажрибага эга боғбонлар билан энг яхши навлар кўчатларини етиштириш ва Фарғона иқлими шароитига мослаштириш бўйича келишувга эришди. Шунингдек, кооперация қошидаги тажриба хўжалигида АҚШ, Озарбайжондан олиб келинган бодом кўчатлари бўйича селекция ишларига киришилди. Мақсад – экспортни йўлга қўйиш орқали дунё бозорларида муносиб ўрин эгаллашдир. Яқин келажакда жаҳон бозорида “Гулнора бодомлари” бренди пайдо бўлса, ажаб эмас.

– Ўтган қисқа даврда кенг қамровли эзгу ташаббуслар самараси туфайли “Юксалиш” МФЙ тўлиқ ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланди, - дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Адҳамжон Зиявутдинов. – Ҳозирда ушбу маҳалла тажрибаси асосида вилоятнинг 18 та шаҳар ва туманида биттадан МФЙда хусусий сектор иштирокида бошқарув сервис компанияси фаолиятини ташкил этиш ҳамда ободонлаштириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ишларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. 

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат ва видео), ЎзА 

КЮ.
ШТ.