Қашқадарёда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъуллари томонидан “Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш” (стандартлаштириш, рақамлаштириш, назорат механизмларини жорий қилиш) мавзусида тренинг ўтказилди.
Тренингда вилоят, туман ва туманлараро тиббий ижтимоий эксперт комиссияси (ТИЭК) ходимлари ҳамда туман тиббиёт бирлашмалари ходимлари, шунингдек, оилавий шифокорлар қатнашди.
Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 16 июлдаги “Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, республика бўйлаб ногиронликни белгилашда врачлик-маслаҳат комиссиялари (ВМК) тизимидан тўлиқ воз кечилиб, янги тартиб жорий қилинмоқда.
Эндиликда фуқаролар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, маҳалладаги ижтимоий ходимлар, оилавий шифокорлар, ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ногиронликни белгилаш бўйича мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади.
Фуқароларнинг тиббий ҳужжатларини электрон тарзда тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига (ТИЭК) юбориш жараёни соддалаштирилди.
Шунингдек, муддат талаб этмайдиган (доимий) касалликлар сони кенгайтирилиб, ногиронлик белгиланиши учун тиббий кўрикдан ўтиш эҳтиёжи йўқ касалликлар рўйхати аниқ белгиланди.
Тадбир давомида ногиронликни белгилашнинг янги тизими бўйича батафсил тушунчалар берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири