Сирдарё вилоятида ногиронликни белгилаш ва Тиббий-ижтимоий экспертиза (ТИЭК) жараёнларини соддалаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 июлдаги "Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида янги тартиботлар жорий этилмоқда.
Энг муҳим янгилик сифатида фуқароларга мурожаат топшириш имкониятлари кенгайтирилиб, уй шароитида ногиронликни белгилаш мумкин бўлган касалликлар сони яқин кунларда 60 тагача оширилади.
Бундан ташқари, муддатсиз ногиронлик белгиланадиган касалликлар рўйхати 38 тадан 71 тагача кенгайтирилмоқда. Қўшимча тиббий текширувлар эса давлат ҳисобидан бепул амалга оширилади. Президент қарорига мувофиқ, онкологик ҳамда оғир касалликлар бўйича ногиронликни белгилаш жараёни ҳам қисқартирилиб, фуқаролар учун бир қатор енгилликлар яратилди.
Ушбу янгиликлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. ТИЭК, соғлиқни сақлаш тизими ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда тизим янада шаффоф ва автоматлашган тарзда ишлаши таъкидланди.

Эндиликда ногиронликни белгилашнинг дастлабки босқичи оилавий шифокорлар зиммасига юкланди. Вилоятдаги барча оилавий шифокорлик пунктлари шифокорлари махсус ўқув дастурлари асосида тайёрланиб, фуқароларнинг тиббий ҳолатини баҳолаш ва ҳужжатларни электрон тарзда ТИЭК ка юбориш имкониятига эга бўлди.
ТИЭК ва оилавий шифокорлар ўртасида электрон ҳужжат алмашинув тизими жорий этилмоқда. Шу муносабат билан қатор шифокорлик пунктлари ноутбук, сканер ва зарур техник жиҳозлар билан таъминланмоқда. Бу фуқароларнинг туман марказига бориб-келиши, қоғозбозлик ва ортиқча сарсонгарчиликларни камайтириши кутилмоқда.
Анжуманда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳам тизимга тўлиқ интеграция қилингани таъкидланди. Улар фуқароларнинг функционал ҳолати ва реабилитация эҳтиёжларини баҳолашда муҳим бўғин вазифасини бажаради.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Бойзоқовга сўзларига кўра, ногиронликни белгилаш бўйича аризаларни энди ЯИДХП (my.gov.uz), “Инсон” марказлари, ижтимоий ходимлар ёки оилавий шифокорлар орқали топшириш мумкин. Уй шароитида ногиронлик белгилаш амалиёти 48 та касаллик бўйича амал қилиб келаётган бўлса, бу рўйхат яқин кунларда 60 тагача кенгайиши белгиланган.
Шунингдек, республика даражасида махсус комиссия фаолияти йўлга қўйилгани маълум қилинди. У ТИЭК қарорларини мувофиқлаштириш, ягона стандартларни жорий этиш ва тизимдаги шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Эътиборли жиҳати, эндиликда ТИЭК аъзолари ҳам фуқарога қайси ногиронлик гуруҳи тайинланишини аввалдан билмайди. Барча қарорлар ташхис ва электрон алгоритм асосида автоматик қабул қилинади, бу эса инсон омилини камайтириб, коррупция эҳтимолини янада пасайтиради.
Тадбир якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.
Вилоятда ногиронликни белгилаш тизимини янада содда, шаффоф ва аҳоли учун қулай қилиш бўйича ишлар эса изчил давом эттирилади.
Ғулом Примов, ЎзА