Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронликни белгилаш тизими такомиллаштирилмоқда
16:01 / 2025-10-04

Юртимизда жамиятнинг бир қисми ва тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 16 июлдаги “Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу ҳужжат асосида ногиронликни белгилаш тизими такомиллаштирилмоқда.

– Янги тизим 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб, Сурхондарё вилоятида босқичма-босқич экспримент тарзда йўлга қўйилди, - дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳобиддин Ҳакимов. – Фуқароларга ногиронликни белгилаш бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари портали, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки ижтимоий ходимлар орқали оилавий шифокорларга мурожаат қилиш имконияти яратилди. 

[gallery-25594]

Эндиликда даволаниш муддати касаллик туридан келиб чиқиб белгиланади ва узлуксиз 4 ой, узилишлар билан 6 ой кутиш тартиби бекор қилинди ҳамда 1071 та ҳолатда касаллик ҳолатлари бўйича даволаниш муддати талаб этилмайди. Илгари бундай ҳолат бор-йўғи 48 та эди. Касалликлар рўйхати эса 71 тадан 92 тага кўпайтирилди. МКБ-10 бўйича касалликлар ҳолатлари рўйхати эса 565 тадан 2074 тага кенгайтирилди. Сиртдан ногиронлик белгилаш мумкин бўлган касалликлар сони 60 тага, муддатсиз даврга ногиронлик белгилаш ҳолати 69 тага етказилди.

Шунингдек, беморларга қулайликлар яратиш мақсадида Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси иш жадвали 5 кунликка ўтказилиб, шахснинг функционаллигини кўрик билан бир кунда баҳолаш мумкин бўлади. Ногиронлик муддати, гуруҳи, ўзгалар парваришига муҳтожлиги, тиббий реабилитация тадбирлари, РТВ ва ПОМга муҳтожлигига оид маълумотлар автоматик равишда шакллантирилади.

Амалиётда айнан қайси мутахассислар Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияларида ишлаши мумкинлиги бўйича муаммолар юзага келаётган эди. Қарор билан ишга қабул қилиниши мумкин бўлган тиббий мутахассисликлар рўйхати тасдиқланди.

Шу билан бирга, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача бўлган болаларнинг касалликлар рўйхати кенгайтирилди ва номувофиқликлар бартараф этилди. Яъни, касалликлар даражаси, босқичи ва асоратлар мезонлари аниқ белгилаб берилди. Эндиликда Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялари фақатгина шахснинг объектив ҳолатини тўғри баҳоласа етарли бўлади.

Тизимда хулоса яратиш учун дастлаб 25-30 дақиқа сарфланган бўлса, ҳозирда 7-8 дақиқа вақт талаб қилинмоқда. Шунингдек, барча маълумотлар автомат танланиши, яъни қўлда маълумот киритилмаслиги орфографик хатолар келиб чиқишининг олдини олади ҳамда вақтни тежайди.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/ZjuYyyjPZwA?si=eFM6IK5itNTxzhnO" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат,видео),ЎзА