Юртимизда жамиятимизнинг бир қисми ва тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 июлдаги “Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори, 2025 йил 16 сентябрда эса “Ногиронликни белгилаш тизими рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган. Ушбу ҳужжатларнинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳусен Равшанов мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:
– Президентимизнинг юқоридаги қарорига мувофиқ, янги тизим 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Навоий вилоятида босқичма-босқич эксперимент тарзда йўлга қўйилди.
Дастлаб янги тизим бўйича оилавий шифокорлар ҳамда Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси ходимлари малакаси оширилди, амалий семинарлар ташкил қилинди. Янги тизимда эски тизим билан параллел равишда жами 3,5 мингга яқин хулосалар шакллантирилди.
Дастлаб хулосаларнинг фарқли шаклланиш ҳолатлари кузатилди. Хусусан, ногиронлик гуруҳи, сабаби, муддати, РТВ ва ПОМ турларига муҳтожтожлиги Вазирлар Маҳкамасининг 62-сонли қарор талабларига номувофиқ тарзда шаклланди ва таҳлиллар натижасида 500 га яқин хато-камчиликлар аниқланди. Масалан, 18 ёшга тўлмаган болаларда ногиронлик сабабида “ҳарбий хизмат даврини ўташ даврида” чиқиши, шунингдек, жигар церроз касаллигида бемор объектив ҳолати ва ҳужжатлари 2-гуруҳ ногиронлигига тўғри келсада, тизимда 3-гуруҳ хулосаси шаклланиши каби камчиликлар маълум бўлди. Ўтган 5 ой давомида ушбу кузатилган номувофиқликлар Агентлик масъуллари томонидан бартараф этилиб, ҳозирда хулосалар белгиланган мезонларга мувофиқ шаклланмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 сентябрдаги “Ногиронликни белгилаш тизими рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори билан ногиронликни белгилаш тизими такомиллаштирилиб, стандартлаштириш, рақамлаштириш ва назорат механизмлари белгилаб берилди.
Қарор билан фуқароларга ногиронликни белгилаш бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари портали, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки ижтимоий ходимлар орқали оилавий шифокорларга мурожаат қилиш имконияти яратилди. Эндиликда даволашиш муддатлари касаллик туридан келиб чиқиб белгиланади ва узлуксиз 4 ой, узилишлар билан 6 ой кутиш тартиби бекор қилинди ҳамда 1071 та ҳолатда касаллик ҳолатлари бўйича даволаниш муддати талаб этилмайди. Илгари бундай ҳолат бор-йўғи 48 та эди. Касалликлар рўйхати эса 71 тадан 92 тага кўпайтирилди. МКБ-10 бўйича касалликлар ҳолатлари рўйхати эса 565 тадан 2074 тага кенгайтирилди. Сиртдан ногиронлик белгилаш мумкин бўлган касалликлар сони 60 тага, муддатсиз даврга ногиронлик белгилаш ҳолати 69 тага етказилди.
Беморларга қулайликлар яратиш мақсадида Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси иш графиги 5 кунликка ўтказилиб, шахснинг функционаллигини кўрик билан бир кунда баҳолаш мумкин бўлади. Шунингдек, ногиронлик муддати, гуруҳи, ўзгалар парваришига муҳтожлиги, тиббий реабилитация тадбирлари, РТВ ва ПОМга муҳтожлигига оид маълумотлар автоматик равишда шакллантирилади.
Амалиётда айнан қайси мутахассислар Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияларида ишлаши мумкинлиги бўйича муаммолар юзага келаётган эди. Қарор билан ишга қабул қилиниши мумкин бўлган тиббий мутахассисликлар рўйхати тасдиқланди.
Шу билан бирга, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлар рўйхати кенгайтирилди ва номувофиқликлар бартараф этилди. Яъни бунда касалликлар даражалари, босқичлари ва асоратлар мезонлари аниқ белгилаб берилди.
Эндиликда Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялари фақатгина шахснинг объектив ҳолатини тўғри баҳоласа етарли бўлади.
Тизимда хулоса яратиш учун дастлаб 25-30 дақиқа сарфланган бўлса, ҳозирда 7-8 дақиқа вақт талаб қилмоқда. Шунингдек, тизимда барча маълумотлар автомат танланиши, яъни қўлда маълумот киритилмаслиги орфографик хатолар келиб чиқишининг олдини олади ва вақтни тежайди.
ЎзА А.Бўриев