Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ногиронликни белгилаш тизими рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг айрим қарорларига:
ТИЭКнинг тузилмасини мақбуллаштириш асосида унинг фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш;
фуқароларни ТИЭКга йўллашдан олдин даволаниш лозим бўлган муддатлар, ногиронликка олиб келувчи асосий касалликлар рўйхати ва ушбу касалликларда ногиронликни белгилаш мезонларини рақамлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Қарорда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 январга қадар ногиронликни шахс соғлиғининг ҳолати ҳамда кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини (функционаллигини) баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб белгилаш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиши белгиланган.
Маълумот учун, олдинроқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2024 йил 16 июлдаги ПҚ-257-сон қарорига мувофиқ:
2025 йил 1 июнга қадар Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида, 2025 йил 1 октябрга қадар республиканинг қолган ҳудудларида босқичма-босқич шахсларга ногиронликни белгилашда шахснинг клиник-функционал бузилишлари тавсифидан келиб чиқиб, ногиронликнинг муддати, сабаби, тиббий реабилитация тадбирлари, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтожлигига оид маълумотлар, шунингдек, ҳар бир касалликнинг кечиши ва тури бўйича фуқароларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари кўригига йўллаш учун лозим бўлган муддатлар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида реал вақт режимида автоматик равишда шакллантирилиши;
2025 йил 1 январдан бошлаб ногиронликни шахс соғлиғининг ҳолати ҳамда кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини (функционаллигини) баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб белгилаш тартиби йўлга қўйилиши белгиланган эди.
ЎзА