English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронлик пенсияси ва нафақалар тайинлаш бўйича янгиликлар юзасидан брифинг
10:44 / 2022-11-02

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бошқарма бошлиғи Фаррух Пардаев иштирокида брифинг ташкил этилди.

Брифингда қайд этилишича, жорий йилнинг ўзида ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдорлари икки маротаба, яъни 2022 йил 1 апрелдан ногиронлик пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдорлари 500 минг сўмдан 622 минг сўмга ва 2022 йил 1 майдан эса 698 минг сўмга етказилиб, йил бошига нисбатан 1,4 бараварга оширилди.  

2022 йил 27 октябрдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия тайинланганидан кейин камида 1 йиллик иш стажи мавжуд бўлган тақдирда иш стажи ва иш ҳакиларини инобатга олган ҳолда ҳар 2 йилда бир маротаба қайта ҳисоблаб чиқилади. Натижада, 2023 йилда 75 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсиялари уларнинг аризаларига асосан қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ўртача 300 минг сўмгача ошади.  

Шунингдек, келгусида ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин меҳнат фаолиятини олиб бораган 43 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсиялари ҳар 2 йилда (иш стажи ва ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб) бир маротаба қайта ҳисоблаб борилади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсияларини қайта ҳисоблаш улар томонидан яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасининг туман бўлимларига қилган мурожаатлари асосида амалга оширилади.  

Мутахассиснинг сўзларига кўра, шаҳарча ва овулларда жойлашган ихтисослашган тиббий муассасаларнинг шифокорлари ва ўрта тиббий ходимларига қонуннинг 12-моддасида назарда тутилган белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш бўйича имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқи берилди.  

Ўгай ота-она, агар вафот этган ўгай фарзандини 18 ёшгача камида 5 йил тарбиялаган бўлса, улар ҳақиқий ота-она сингари ушбу фарзанди учун боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлишини аниқлаш тартиби Ҳукумат томонидан белгиланиши кўзда тутилди. Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматлари бўлган шахсларга уларнинг хизматларига қараб пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорини 100 фоизидан 150 фоизигача устама ҳақини тўлаш тартиби Ҳукумат томонидан белгиланиши кўзда тутилди.  

Қонунда белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун 2023 йил 1 январдан эътиборан Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан йилига қўшимча равишда ўртача 275 миллиард сўм маблағ ажратилади.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА