Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронлик имконсизлик эмас
21:21 / 2025-11-27

Ногиронлиги бўлган шахслар алоҳида гуруҳ эмас, балки жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоларидир. Улар кучли ирода, меҳнатсеварлик ва ҳаётга бўлган ижобий қарашлари билан кўпчиликка ўрнак бўлади. Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизнинг 57-моддасида “Меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир” дея қайд этилган.

3 декабрь — Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни муносабати билан Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ўтказилган хайрия марафонида қатнашган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Шерали Йўлдошев, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Самарқанд вилоят бўлими раиси Дилмурод Пардаев ва бошқалар юртимизда ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтишди. Аҳолининг ушбу қатлами ўзининг фидойилиги билан юрт тараққиёти йўлида ташаббускорлардан бўлаётганлиги алоҳида аҳамият касб этиши қайд этилди.

[gallery-26455]

– Жорий йилнинг ўтган даврида ногиронлиги бўлган шахсларнинг 5864 нафарининг доимий бандлиги таъминланди, 6009 нафари ўзини-ўзи банд қилиш фаолият турлари бўйича иш бошлаган бўлса, 3672 нафари параспортга жалб қилинди, 3086 нафар имконияти чекланган болаларга тегишли  таълим турлари бўйича ўқишга йўлланмалар берилди ва 12448  нафари реабилитация воситалари ва протез ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди, – дейди Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи Достон Маликов. - Энг муҳими, ногирон бўлиб қолган юртдошимиз халқимизнинг, давлат идораларининг меҳр-эътиборидан четда қолмасдан, ўзининг меҳнати ва қобилияти билан нафақат ҳаётда ўз ўрнини эгаллаб келмоқда, балки азму матонати, сабр-бардоши ва шукроналик фазилатлари билан кўпчиликка ибрат бўлмоқда. Бугунги кунда вилоятда 111 мингдан  ортиқ ногиронлиги бўлган юртдошларимиз ҳеч кимдан кам бўлмасдан истиқомат қилиб келмоқда. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси эканликларини ҳис этишлари учун давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Сана муносабати билан ўтказилган хайрия марафони ҳам халқимизга хос саховат ва меҳр-мурувват анъаналарини ўзида намоён этди. Хайрия давомида тушган маблағлар ўзгалар кўмагига муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясига йўналтирилади.

Тадбир доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди.  

– Ногиронлик имконсизлик эмас, – дейди Пастдарғом туманидаги 2-спорт мактаби бандминтон бўйича мураббийи, 1-гуруҳ ногирони Умар Шодиев. – Бахтсиз ҳодиса туфайли ногиронлик аравачасига михландим. Аммо умидсизликка чўкмадим. Мана беш йилдирки, бадминтон бўйича мураббийлик фаолиятини олиб боряпман. Айни пайтда тўққиз нафар ногиронлиги бўлган болалар мураббийиман. Шогирдларимга биринчи навбатда жисмоний имкониятнинг чекланганлиги ҳаёт тугади, дегани эмаслигини уқтираман. Мақсадимиз халқаро майдонларда ҳам чекланган имкониятимиз билан чекланмаган орзуларимизни амалга оширишдан иборат.

Сана муносабати билан ўтказилган тадбир тўкин дастурхон атрофида давом этди.

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари