Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронлик имкониятлар чекланиши эмас
14:30 / 2025-06-17

Самарқанд шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида “Сабрина саховат” ногиронлиги бўлган болалар кундузги парвариш хизмати фаолияти йўлга қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 февралдаги “Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш орқали оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи сабабларни бартараф этиш ва оила аъзолари меҳнат қилишига шароит яратиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларнинг оила қарамоғида қолишини таъминлаш ва ижтимоий етимликнинг олдини олиш мақсадида 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизматини ташкил этиш вазифаси қўйилган эди.

– Мазкур хизмат 2025 йил 1 мартдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида, 2025 йил 1 октябрга қадар республиканинг қолган ҳудудларида йўлга қўйилиши белгиланган, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Сардор Луқмонов. – Шу асосда Самарқанд шаҳрида тадбиркор Тожихол Тоғаева томонидан ушбу муассаса ташкил этилди. Бунинг учун тадбиркорга имтиёзли кредит, бир қатор имкониятлар берилди ва 18 нафар ногиронлиги бўлган болани қабул қилиб, кундузги парваришлаш йўлга қўйилди.  

Ногиронлиги бўлган болалар кундузги парвариш хизматига уларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) билан “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ўртасида тузилган ижтимоий шартнома асосида ҳамда Психологик-тиббий-педагогик комиссия томонидан белгиланган тартибда берилган хулосага мувофиқ қабул қилинади.

– Масканда ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаш ва тарбиялаш, тенгдошлари билан мулоқот қилиши, реабилитация хизматларини кўрсатиш учун барча шароит ва қулайликлар яратилди, – дейди тадбиркор Тожихол Тоғаева. – Жумладан, гидрованна, массаж, логопед, сурдо педагог, дефектолог, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, умумий меҳнат ва мусиқа дарслари, ипотерапия каби 12 турдаги хизматлар кўрсатилади. Бунинг учун малакали мутахассислар ишга қабул қилинган. Ногиронлик тўсиқ эмас, бундай тоифадаги инсонларга, айниқса, болаларга кўпроқ меҳр бериш, ғамхўрлик кўрсатиш керак. Ана шунда улар ўзларини тенгдошларидан кам ҳис қилмайдилар, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ўз ўринларини топишга интиладилар. Биз келгусида ногиронлиги бўлган болаларнинг нафақат руҳий ва жисмоний саломатлиги, балки таълим-тарбиясига ҳам алоҳида ёндашиб, хизмат кўрсатишни мақсад қилганмиз.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари