French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Ногиронлигим сабабли жамиятдан ажралиб қоламан, деган қўрқувга тушганман..."
11:13 / 2023-10-06

“5-6 ёшимда қаттиқ шамоллаш туфайли кўзларимнинг кўриш қобилияти кескин пасайиб кетди. Кетма-кет қилинган муолажалар таъсир қилмади. 12 ёшдан 13 ёшга қадам ташлаётганимда мутлақо кўриш имкониятидан маҳрум бўлдим... Кўзларим туғма ожиз бўлганида балки бунчалик саросимага тушмаган бўлармидим. Орттирилган кўзи ожизлик умуман бошқа дард экан. Қисқа фурсатлар ичида ёруғ дунё гўзаллигини кўриш, ундан баҳраманд бўлиш, яқинларим дийдорини кўра олиш имкониятларидан бебаҳра қолдим...”

Хоразм вилояти Хива шаҳридаги 121-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Неъматжон Қиличовнинг ҳикояси шундай бошланди.

“Бу касалликка кўникишим осон кечмади. Оилада 7 фарзанднинг олтинчисиман. 

Онам айтар эди: “Фарзандларимнинг олтитаси бир ёну, сен ўзинг бир томонсан", деб...

Айни балоғат остонасидаги бола эдим. Кечагина атрофни чангитиб ўйнаб юрган болакай бир зумда зулмат қаърида қолиб кетдим. Кўз нуримга қўшилиб ҳаётимдаги нур ҳам кетгандек бўлди гўё. Ўша пайтлардаги юрагимдан ўтган ҳиссиётни, қўрқувни сўз билан ифодалаб бера олмайман. Лекин онажоним менга куч бўлди. Янги ҳаёт сари чекинмасдан қадам ташлашимда тиргак бўлди. Ота-онамнинг хоҳиши билан ўқишимни Хива шаҳридаги 121-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатига кўчирдик. Ўшанда бу мактабда ўқимайман дея роса хархаша қилганман. Оиламдагиларнинг бу қарори менга "сен ногиронсан, шу мактабда ўқишинг шарт" дегандек туюлган. Ногиронлигим сабабли соғлом жамиятдан ажралиб қоламан деган қўрқувга тушганман.

Шунда онам вақт инсон сарф қиладиган асосий дастмоя эканлигини, умрнинг ҳар лаҳзасини ғанимат билишимни, бугунги куним кечагидан, эртанги куним эса бугунгидан гўзал бўлиши учун вақтдан унумли фойдаланишимни таъкидлаган. Агар ўз вақтида ўқиб, илм олмасам, ҳаётимни тартибга сола олмаслигимни уқтирган. Онам айтган: “Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади” деган гаплар ҳамон ёдимда.

Бошимга тушган ташвишни енгиш учун бўш вақтимда машҳур шоирларнинг шеърларини тинглардим. Ўзим ҳам шеър ёзишни машқ қилиб турар эдим. Мусиқани жондан ортиқ севардим. Онда-сонда ўз шеърларимни хиргойи ҳам қилардим. Мендаги қизиқишни кўрган устозларим адабиёт йўналишини танлашимни маслаҳат берган.

Мактабни битираётган йилимиз она тили ва адабиёт фанидан бўлиб ўтган фан олимпиадасининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритдим ва Урганч давлат университетига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиндим.

Талабалик давримда ёши катта онахонникида ижарада турардим. Онахон жуда самимий, меҳрибон аёл эди. Мени жуда яхши кўрарди. Тақдир экан, онахоннинг невараси билан турмуш қурдик. Турмуш ўртоғимнинг тўрт мучаси соғ. Икки ўғил ва бир қизнинг бахтли ота-онасимиз. Фарзандлар тарбиясига ғоятда масъулият билан ёндашаман. Катта фарзандим Оғабек Йўлдошев Хоразм вилоятидаги Президент мактабида таҳсил олади. Киберхавфсизлик йўналишида ўқишини давом эттирмоқчи. Фан олимпиадаларида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган. Болаларим билан суҳбатимиз жуда узоқ давом этади. Ҳамма мавзуда дўстона фикрлашамиз.

Биласизми, мен хонага кирсам чироқ ўчиқ ёки ёниқ турганлигини фаҳмлай олмайман. Кун билан туннинг аҳамияти йўқ. Қайсидир маънода жисмоний имкониятларим чекланган. Аммо бугунги берилаётган имконият ва имтиёзлар яшашга интилишим, ҳаётга чанқоқлигимни ошиб боришига хизмат қилмоқда. Мен бугун бемалол компьютерда ишлай оламан. Бошқа соғлом инсонлар қатори телефон ишлатаман, ижтимоий тармоқлардаги барча янгиликларни мунтазам кузатиб бораман." 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 сентябрдаги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида” ги фармонига кўра, таълим тизимини ривожлантиришда муносиб ҳиссаси, ўқувчи ва талаба ёшларга илм-фан асослари, замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдаги хизмати учун бир гуруҳ устоз-мураббийлар фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида Неъматжон Қиличов ҳам бор. 

– “Шуҳрат” медали билан тақдирланишим мен учун кутилмаган ҳолат бўлди, – дейди қаҳрамонимиз. – Шу куни кеч соат 22:00 ларда ўртоқларим ва барча яқинларим бирин-кетин қўнғироқ қилиб табриклай бошлади. Аввалига табрик сабабини тушунмадим.

Мукофотланганимни эшитиб, қувончдан кўзларимга ёш келди. Умримнинг 17 йилини ота тили ва адабиёт фанидан ўқитувчиликка бағишладим. Маошимдан ташқари имтиёзларим бор. Вазир жамғармасидан ойлик устама олишга даъвогар педагогларнинг саралаш имтиҳонларида ҳам ғолиб бўлганман. Хива шаҳридаги 121-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 200 га яқин кўзи ожиз ўқувчи таҳсил олади. Уларга ўз ҳаёт йўлим ҳақида сўзлаб бераман. Уларни ҳар томонлама тушунишга, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан. Соғликда нуқсонимиз бордир. Аммо қалб ва руҳнинг саломатлиги учун шукрона келтириш лозимлигини таъкидлайман.

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди. 
ЎзА