Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронлиги кўриниб турган одам қайта тиббий кўрикдан ўтиб буни тасдиқлатиши шартми?
16:20 / 2020-02-28

Бу аслида шарт бўлмаса ҳам амалдаги тартиб бўйича ногиронлар тиббий кўрикдан ўтиб, овора бўлмоқда.


Бу аслида шарт бўлмаса ҳам амалдаги тартиб бўйича ногиронлар тиббий кўрикдан ўтиб, овора бўлмоқда. Бу ҳолатни Сенат раиси “оёғи ёки қўли йўқ ногироннинг шу аъзоси қайта ўсиб чиқмайди-ку?!”, деб кескин танқид қилди.

Сенат ялпи мажлисида тиббий меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва ногиронликни аниқлаш масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборишга оид масала кўриб чиқилди.

Ушбу масала юзасидан Сенат аъзоси, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази акциядорлик жамияти директори Равшанбек Қурбонов сўзга чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилганини қайд этди.

Бироқ, соҳада камчиликлар ва ечимини кутаётган муаммолар сақланиб қолмоқда. Жумладан, ногиронликни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлашнинг самарали механизми йўлга қўйилмаган. Фуқароларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ишларининг тизимли йўлга қўйилмаганлиги оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар сони сўнгги уч йилда 9 фоизга ошган.

Ушбу масала бўйича Сенат раиси Танзила Норбоева ўз мулоҳазаларини билдирар экан, ногиронлик бўйича муаммолар кўпайиб кетганини қайд этди.

Тиббиёт соҳасига бўлган эътибор кучайтирилганига қарамасдан, бундай ҳолатлар борлиги тизимли стратегиянинг ўзи йўқлигини кўрсатмоқда.

Аслида ногиронлик масаласи билан нафақат соғлиқни сақлаш, балки бандлик, савдо-саноат палатаси ҳам шуғулланади. Лекин улар ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўқ.

— Ногиронларга зарур бўлган протезлаш марказлари кераклиги ҳақида қанча гапирамиз, — деди Танзила Норбоева. — Лекин марказлар ҳали етарли эмас. Протез воситалари зарур бўлган ногиронларнинг бор-йўғи 3 фоизига хизмат кўрсатиляпти. Ногиронларни тиббий кўрикдан ўтказиш борасида ҳам шифокорлар етишмаслиги ва бошқа муаммолар мавжуд. Ногиронлар тиббий кўрикдан ўтишда 8-10 кундан ортиқ вақт сарфлашининг ўзи уларни қийин аҳволга туширмоқда.

Ногиронликни тасдиқлашга оид мезонлар ҳам талаб даражасида эмаслиги танқид остига олинди. Масалан, қўли жароҳат олгани кўриниб турган одамлар ҳам ҳар икки йилда ногиронлигини тасдиқлатиш учун тиббий кўрикдан ўтади. Лекин қўли ёки оёғи йўқ одамнинг шу аъзолари қайта ўсиб чиқмайди-ку, деб ҳақли эътироз билдирди Сенат раиси.

Мажлисда ногиронлар ҳаётини осонлаштириш учун ҳаракат қилиш зарурлигига урғу берилди. Бу борада зарур бўлса, қонуний меъёрлар такомиллаштирилади, тегишли халқаро ҳужжатлар ратификация қилинади.

Ҳукуматга айнан ушбу масалада юбориладиган парламент сўровида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш чоралари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши билан боғлиқ масалалар ҳам ўрин олади.

- Парламент сўровига жавоб беришда эса фақат рақамларни қайд этиш эмас, бизга аниқ режа берасиз, — деди Сенат раиси. – Муаммонинг ечимлари акс этмаган жавоб бўлса, қайтариб юборилади. Шу нарса эътиборда бўлиши керакки, ногиронлик фақат тиббий эмас, балки ижтимоий масаладир.

Т.Норбоева парламент сўрови юборишда Сенат қўмиталари масъулияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Бирор муаммо бўйича ҳукуматга ва бошқа ташкилотларга парламент сўрови юборгандан кейин унинг натижасини олти ой кутиб ўтириш керак эмас, сўров натижаси устида иш олиб бориш кераклигини уқдириб ўтди. Амалда кўп ҳолларда муаммо ўртага олиб чиқилади, парламент сўрови юборилади ва жавоб келгунча муаммо ўз ҳолига ташлаб қўйилади. Бу жуда нотўғри ёндашувдир.

Мажлисда ушбу масала бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди. Ҳукуматга ногиронлик профилактикаси, бундай шахсларни тиббий-ижтимоий ва малакавий реабилитация қилиш бўйича яқин, ўрта ёки узоқ муддатли стратегияни яратиш, бундай шахсларни тиббий-ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизимини яратишга тўсқинлик қилаётган ҳолатларни бартараф этиш билан боғлиқ парламент сўрови юборилди.