French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронлиги бор ўқувчилар учун замонавий таълим маскани фойдаланишга топширилди
18:47 / 2022-12-10

Наманган вилоятида алоҳида жисмоний имконияти чекланган фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишга ихтисослаштирилган, хусусан, таълим эҳтиёжига эга бўлган болаларга хизмат кўрсатувчи ўндан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда саккизта махсус мактаб-интернат бор. Улар томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга касб-ҳунар ўргатиш, таълим бериш, бандлигини таъминлашга эътибор қаратиляпти.

Жумладан, Учқўрғон туманидаги 46-махсус мактаб-интернат ўқувчилари учун таъмирдан чиқарилган замонавий ўқув ва ёрдамчи бинолар фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали очилиш маросимида мамлакатимизда “Инсон қадри учун” эзгу тамойилини ҳаётга татбиқ этиш борасидаги кенг қамровли ислоҳотлар, айниқса, аҳолининг жисмоний имконияти чекланган қатламига кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида сўз борди.

Очиғи, имконияти чекланган болалар таълимига ихтисослашган ушбу махсус мактаб-интернатнинг 300 ўринга мослаштирилган ўқув биноси таъмирталаб ҳолга келиб қолганди. Боз устига бинонинг юкламаси анчагина баланд бўлиб, дарсдан ташқари тўгарак машғулотларни ўтказиш учун шароит ҳаминқадар эди. Яъни, эшитиш ва гапиришида нуқсони бор 282 нафар ўқувчи 1,1 коэффициентда таълим олиб келган.

[gallery-9922]

Мавжуд ҳолатни яхшилаш мақсадида бундан етти ой аввал мазкур масканда, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 апрель куни ўтказган видеоселекторда берилган топшириғига асосан амалий ишларга киришилди. Бунёдкорлик ишларига 14,9 миллиард сўм маблағ сарфланди. Бунинг натижасида асосий бино, 250 ўринга мўлжалланган ётоқхона қайта таъмирдан чиқарилди. Қўшимча равишда ошхона, янги стадион ва замонавий спорт зали қурилди.

— Муассасамиздаги янги, қулай шароитлар, энг аввало эшитиш ва сўзлаш қобилияти чекланган ўқувчиларнинг соғлом тенгқурларидан кам бўлмаган шароитда ўқиши имкониятларини оширади, – дейди мактаб-интернат директори Бахтиёр Алиматов. — Қурилиш-таъмирлаш ишларига қўшимча равишда барча хоналар янги парта ва стуллар, компьютер жамланмалари, лаборатория ускуналари билан таъминланди. “Замин” жамоат фонди томонидан 260 нафар ўқувчимизга махсус эшитиш мосламалари тақдим этилди.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА