Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронлиги бор кишиларнинг сифатли таълим олишлари учун қандай асослар яратилмоқда?
17:24 / 2020-06-04

Маълумки, инклюзив ўқитишнинг ҳар қандай асосида инсон фаолиятининг муайян қонуниятлари, имконияти чекланган шахс ривожи ва улар негизида шаклланган педагогик фан тамойиллари ётади.


Бугунги кунда, олий таълим тизимида ижтимоий муҳофазага муҳтож, ногиронлиги бор кишиларнинг «таълим олиши, уларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш, ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган шаклларда» самарадор ўқитиш усулларидан бири - бу инклюзив ўқитиш жараёнидир. Ногиронлиги бор ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш — жамият ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг иштирок этиш имкониятларини яратишга қаратилган, давлат томонидан кафолатланган иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг 3-моддасида белгилаб қўйилгандир.

Таълим жараёнида инклюзив ўқитиш тизимини жорий этиш ҳамда амалга ошириш, маълум бир ҳаётий ва жисмоний сабабларга кўра, имконияти чекланган талабаларда жисмоний, ақлий, интеллектуал салоҳияти, билимлар доираси кенглиги, ижодий ташаббус, фикрни мақсадга мувофиқ йўллай олиши, фаразлар яратиш қобилияти каби хусусиятларининг ошишига сабаб бўлади.

Ўқув фани таълими жараёнида қўлланилган тенг муносабат ҳар бир имконияти чекланган талабаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари доирасида мутаносиб билим олиш имкониятларини сақлагани ҳолда интерактив метод, ўқитиш технологияларидан фойдаланиш асосида амалга оширилади ҳамда талабалар тафаккурида илмий – тадқиқот услубини шакллантиришга асос бўлади. Жумладан, инклюзив ўқитиш жараёнида ногиронлиги бор талаба мустақиллиги репродуктив жиҳатдан ўсиб боради.

Маълумки, инклюзив ўқитишнинг ҳар қандай асосида инсон фаолиятининг муайян қонуниятлари, имконияти чекланган шахс ривожи ва улар негизида шаклланган педагогик фан тамойиллари ётади.

Ҳозирда таълим йўналишга оид барча жабҳаларда ногиронлиги бор кишиларнинг таълим олишларига етарлича имконият яратиш масалаларига алоҳида урғу берилмоқда ҳамда бу борада қатор қонунлар, ҳамкорлик фаолиятида амалга оширилаётган лойиҳаларда ушбу муаммо батафсил ёритилмоқда.

Инклюзив таълим инсонийлик тамойилларига таянади. Фалсафа, педагогика ва психологияда бу йўналишнинг ўзига хослиги талабанинг индивидуаллигига алоҳида эътибор бериш орқали намоён бўлади. Аввало, бундай ҳолатда таълим шахсга йўналтирилади. Ўз моҳиятига кўра бу йўналиш таълим жараёнидаги барча иштирокчиларнинг тўлақонли ривожланишини кўзда тутади. Бу эса Давлат таълим стандарти талабларига риоя қилган ҳолда талабанинг интеллектуал ривожланиши даражасига йўналтирилиб қолмай, унинг руҳий-касбий ва шахсий хусусиятларини ҳисобга олишни ҳам англатади.

Инклюзив ўқитиш тизимини жорий этиш ҳамда амалга оширишда талабалар тайёргарлик даражаси Давлат таълим стандартларида белгиланган қуйидаги талаблар асосида эътироф этилади:

- дунёқарашни кенгайтирувчи билимлар тизимига эга бўлиши, ижтимоий муаммо ва ҳодисаларни мустақил таҳлил қила олишга қодир бўлиши;

- мамлакатимиз тарихини билиши, миллий ғоя ва умуминсоний қадриятлар масалалари бўйича ўз нуқтаи-назарини илмий асослаш, миллий мустақиллик ғояси асосида фаол ҳаётий нуқтаи назарга эга бўлиши;

- табиат ва жамиятда содир бўладиган жараён ва ҳодисалар тўғрисида яхлит тасаввурга эга бўлиши, улардан ҳаётда ва касбий фаолиятида илмий асосланган ҳолда фойдалана олиши;

- инсоннинг инсонга, жамиятга, атроф-муҳитга нисбатан бўлган муносабатини бошқаришнинг ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрларини билиш, касбий иш жараёнида уларни ҳисобга ола билиши;

- ахборотни тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш ва уни қўллаш усулларини билиши, ўзининг касбий иш тажрибасига асосланган хулосалар чиқариши;

- мустақил равишда янги билимларни ўзлаштириши, ўз малакасини ошириши ва меҳнатини илмга асосланган ҳолда ташкиллаштириши;

- соғлом ҳаёт кечириш тарзининг муҳимлиги тўғрисида илмий тушунчаларга ва асосларга, жисмоний ривожланиш борасидаги билим ва малакаларга эга бўлиши;

- кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимида қўшимча касбий таълим олиши керак.

Инклюзив таълим жараёнини амалга оширишда ижтимоий-маданий ёндашув ногиронлиги бор кишиларда иш юритиш хусусиятлари ҳамда келгуси фаолиятларини фаоллаштириш ва интенсивлаштириш, ўқув жараёнида барча лаёқат ва имкониятларини, синчковлиги ва ташаббускорлигини ишга солишни шарт қилиб қўяди ва уларда мустақил ҳаётга мослашувчанлик ҳиссини шакллантиради. Бундай таълим жараёнида иштирокчиларнинг психологик бирлиги ва ўзаро ҳамкорлиги яратилиб, шахснинг ижодий фаоллиги ва тақдимоти кучаяди.

Инклюзив таълими жараёнида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш самарадорлиги хусусида Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг қатор қабул қилган Давлат дастурларида эътироф этган сўзларини таъкидлаб ўтиш ўринлидир:

таълим жараёнига янги ахборот-коммуникация ва педагогик технологияларни, электрон дарсликлар, мультимедия воситаларини кенг жорий этиш орқали мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқитиш сифатини тубдан яхшилаш, замонавий турдаги ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси билан мустаҳкамлаш, шунингдек, ўқитувчилар ва мураббийлар меҳнатини моддий ҳамда маънавий рағбатлантириш бўйича самарали тизимни янада ривожлантириш;

илм-фанни янада ривожлантириш, иқтидорли ва қобилиятли ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, уларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шароит яратишга доир комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш лозим.

Дарҳақиқат, инклюзив таълим жараёнини замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари асосида амалга ошириш натижасида:

- ногиронлиги бор талабалар томонидан ғоялар, қайдлар орасидаги боғланишлар изоҳланиб, мустақил равишда идрок этиш кузатилади;

- маълумотлар юзасидан мунозара қила олиш имкониятлари доираси кенгаяди ва янги ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишга чорлайди;

- имконияти чекланган кишиларда шахсий билимларини ифода қилишлари учун мотивация яратилади;

Демак, бу усул олий таълим ўқитиш жараёнининг такомиллашувини фаоллаштиради. Бу жараённинг амалга ошиши, ногиронлиги бор кишиларнинг, бевосита олий таълим тизимида сифатли билим олишларига асосдир.

Азиза Орипова,

ТДЮУ Тил ўргатиш кафедраси

доценти