Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронлиги бор фуқаролар хатловдан ўтказилмоқда
10:55 / 2022-01-19

Наманган вилоятида Президентимизнинг 2021 йил 21 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоят тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси томонидан белгиланган чора-тадбирлар асосида шаҳар ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, шаҳар тиббий ижтимоий эксперт комиссияси, тиббиёт бирлашмаси, халқ таълими бўлими, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, Параолимпия қўмитаси, Ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда ишчи гуруҳи тузилди.

Ишчи гуруҳ маҳаллаларда уйма-уй юриб ногиронлиги бўлган шахслар билан суҳбатлар ўтказмоқда. Уларнинг ижтимоий ҳолати, муаммолари атрофлича ўрганилиб, ечими юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, лаёқатидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўрганиш ёки ишлаш истагида бўлганларни иш билан таъминлаш, саломатлигини тиклаш тақозо этилаётганларни шифохоналарда даволаш, реабилитация техник воситалари, протез-ортопедия мосламалари билан таъминлаш, ногиронлик мақомини олиш, спорт билан шуғулланишига имконият яратиш каби кўплаб йўналишларда  вазифалар белгилаб олинмоқда.

Наманган шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Муниса Отахўжаеванинг маълум қилишича, ҳозирга қадар уйма-уй юриб 624 нафар ногиронлиги бор фуқаро билан суҳбат ўтказилган.  Улардан 50 нафари дори-дармонга, 30 нафари даволанишга, икки нафари ногиронлик олишга, яна икки нафари моддий ёрдамга муҳтожлиги қайд этилган.Ногиронлиги бор фуқароларни маҳаллабай хатловдан ўтказиш ишлари давом этмоқда.
 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА