Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронлиги бор фуқаролар доимо эътиборда
09:34 / 2022-06-25

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Дилшод Усмонов Сурхондарё вилоятида бўлиб, Термиз шаҳри, Шеробод ва Қизириқ туманларида яшаётган ногиронлиги бор аҳоли вакиллари ҳолидан хабар олди. Улар билан дилдан суҳбатлашиб, муаммоларини тинглади. Ўн бир турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини топширди.

Мамлакатимизда инсон қадр-қиммати улуғланаётган бир пайтда ногиронлиги бўлган шахсларга алоҳида эътибор қаратилаётир. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этиш, тўсиқсиз муҳит яратиш, жамиятга интеграция қилиш юзасидан кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ана шундай эзгу мақсадга йўналтирилган мазкур тадбир ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун бир олам қувонч улашди. Улар кўрсатилаётган ғамхўрликлар учун давлатимизга миннатдорлик билдириб, ҳаётда дуч келаётган масалаларини ўртага ташлади. Жумладан, Термиз шаҳридаги Жайхун маҳалласида яшайдиган Мақсуда Бозорова тақдир тақозоси билан иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолган. Кўп йиллардан буён у мустақил юролмайди. Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Дилшод Усмонов бошчилигидаги мутасаддилар М.Бозоровани йўқлаб, хонадонига борганида ногиронлик аравачасига эҳтиёжи борлиги маълум бўлди. Бу масала жойида қаноатлантирилиб, ногиронлик аравачаси топширилди. 

[gallery-7720]

Шу куни айрим ногиронлиги бор юртдошларимиз тиббиёт муассасалари ва санаторийларда даволаниш, протез ўрнатиш каби масалаларда моддий ёрдам беришни сўради. Бу мурожаатлар ҳам жойида муҳокама этилиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Шеробод туманида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси қошида парранда етиштириш маркази фаолият юритмоқда. Бу ерда парваришланаётган жўжаларнинг асосий қисми махсус дафтарларда турган хонадонларга бепул тарқатилади. 

Айни пайтда марказда икки минг бошдан ортиқ жўжа боқилмоқда. Тўрт киши меҳнат қилаётган марказда очирилган жўжалар икки ой парваришланиб, кам таъминланган, “темир дафтар” ва “аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи аҳоли вакилларига бепул тарқатилаётир. 
Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси марказ билан яқиндан танишиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирди. 25 нафар “темир дафтар” ва “аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи фуқароларнинг ҳар бирига 20 тадан бепул жўжа тарқатилди. 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, 
ЎзА