Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигида ЖССТ Европа ҳудудлари бўйича бюросининг Ўзбекистонда бемор ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реабилитацияси, шу жумладан, коронавирусдан кейинги реабилитациясини кучайтириш миссияси билан учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон 2022-2024 йилларга мўлжалланган ЖССТ томонидан молиялаштирилган янги реабилитация лойиҳасида иштирок этиш имконияти, лойиҳа доирасида Реабилитация бўйича Миллий стратегияни ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш, Сирдарё вилоятида ҳам бирламчи тиббий-санитария ёрдам ҳамда касалхона даражасида юқумли бўлмаган касалликларга эътибор қаратиш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Реабилитация умумий соғлиқни сақлаш қамровининг асосий таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Учрашувда ЖССТ Европа ҳудудлари бўйича бюросининг мутахассиси Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилишда асосий эътибор ногиронлиги бўлган шахсларни нафақат ижтимоий ҳимоя қилиш, балки, уларни актив ҳаётга қайтариш, имконини топиб ногиронликдан халос қилиш, ўзини мустақил бошқаришга, фаол ҳаёт кечиришга эришишига эътибор беришни таклиф қилди.
– Ногиронлиги бўлган шахсларни протезлашда халқаро стандартларга жавоб берадиган модель ишлаб чиқиш асосий мақсадларимиздан бири, – деди агентлик директори Алишер Иноқов. – Жорий йилда Тошкент шаҳрида Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази бино ва иншоотларини янгидан қуриш, замонавий тиббий ва реабилитация анжомлари билан жиҳозлаш режалаштирилган. Шунингдек, соҳа ходимларнинг илмий салоҳиятини ошириш кўзда тутилган.
Айни кунларда ЖССТ Европа ҳудудлари бўйича бюросининг вакиллари Тошкент ва Гулистон шаҳрида Ўзбекистонда реабилитацияни кучайтириш, коронавирусдан кейинги шароитни ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Ўрганиш ишлари 18 мартга қадар давом этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА