Маълумотларга кўра, бутун дунёда 1 миллиарддан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар бор. Бу жаҳон аҳолисининг қарийб 15 фоизини ташкил қилади. Уларнинг 80 фоизи эса ривожланаётган мамлакатларда истиқомат қилади. Ўзбекистонда эса 1 миллиондан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд.
Бугунги кунда мамлакатимизда имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур барча шароитларни яратиш борасидаги давлат сиёсати янги босқичга кўтарилмоқда. Жумладан, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мамлакатимиз Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Конвенцияга қўшилди, соҳада мустаҳкам қонуний база яратилди. Шу асосда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятдаги мавжуд имкониятлардан фойдаланиш, ҳаракатланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, реабилитация, сиёсий-ижтимоий ҳаётда иштирок этиш билан боғлиқ ҳуқуқлари таъминланмоқда.
Яна бир маълумот, сўнгги йилларда пенсия ва нафақа олувчи ногиронлиги бўлган шахслар сони 100 минг нафарга кўпайиб, уларнинг миқдори қарийб 2 баробарга оширилганини таъкидлаш лозим. Шунингдек, барча ҳудудларда “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракати доирасида ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган имконияти чекланган юртдошларимизга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилди.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳаётга мослаштириш ва ижтимоий реабилитация қилиш борасида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, сўнги йилларда 27 тиббий-ижтимоий муассасалар реконструкция қилиниб, замонавий талабларга мос бўлган 1,5 мингта даволаш-реабилитация ўринлари фойдаланишга топширилди.
Ана шундай фуқароларимизга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати 22 турдан 27 тагача кўпайтирилди. Хусусан, ўтган йилнинг ўзида ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш мақсадида улар бюджет маблағлари ҳисобидан қарийб 40 миллиард сўмлик протез-ортопедия ва реабилитация мосламалари, кохлеар имплантлар ҳамда бошқа махсус буюмлар билан таъминланди.
Бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашиш, тизимли қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 12 октябрдаги “Ногиронлиги бўлган шахслар жамиятларига тегишли ташкилотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг давлат харидини қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг кўргазма ярмаркаларини доимий тарзда ўтказиш амалиёти жорий этилади.
Мазкур кўргазма ярмаркалари давомида давлат буюртмачилари билан уч йилгача бўлган муддатга кафолатли харидни таъминловчи шартномаларни тузиш имконияти яратилади. Эътиборли жиҳати, 2023 йил 1 январдан бошлаб ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар ҳамда улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни акс эттирувчи Ягона реестр юритилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ҳамда уларнинг таркибига кирувчи ташкилотларига ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, режалаштирган товарлар харидининг камида 10 фоизи миқдорини ўзи жойлашган ҳудуддаги реестрга киритилган корхоналардан шартнома асосида харид қилиш белгиланди.
Энг муҳими, барча ҳудудларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи ҳамда уларнинг қизиқишидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунарга ўқитишга кўмаклашувчи “Имкониятлар маркази” ташкил этилмоқда.
Бунинг натижасида, давлат харидлари жараёнида ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахсларни янада қўллаб-қувватлаш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифатини ва ижтимоий фаоллигини янада оширишга имкон беради.
Бир сўз билан айтганда, ногиронлиги бўлган шахслар ҳеч қачон ўзларини ёлғиз ҳис этмасликлари, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётимизда фаол иштирок этишлари учун бундан буён ҳам барча куч ва имкониятлар сафарбар этилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА