Мамлакатимизда инклюзив жамиятни шакллантириш, барча учун тенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг муҳим стратегик вазифаларидан этиб белгиланган. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат бозоридаги фаоллигини ошириш, улар учун ҳар бир давлат идораларида мос иш ўринлари яратиш давлатимиз раҳбари илгари сураётган энг муҳим ташаббуслардан бирига айланди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Марказий банк ва Paynet ҳамкорлигида “Молиявий имкон” лойиҳаси амалга оширила бошланди.
Лойиҳа доирасида ҳар бир вилоятдан 10 нафардан, жами 140 нафар оғир ҳаётий шароитда яшовчи, тадбиркорликка қизиқиши бор ва ўз меҳнати билан турмушини яхшилаш истагида бўлган фуқаролар танлаб олинди.
Агентлик, тижорат банклари ва Paynet мутахассислари иштирокида номзодлар учун молиявий саводхонликни ошириш, Paynet тизимида иш юритиш, мижозларга хизмат кўрсатиш кўникмаларини ривожлантириш бўйича ўқув-тренинглар ташкил этилди.
Қолаверса, ҳар бир номзод учун беғараз ёрдам кўрсатилди.
Жумладан, танлаб олинган иштирокчилар Paynet шохобчасини юритиш учун зарур компьютер ва техник ускуналар билан тўлиқ таъминланиб, 6 ой давомида шохобча ижара харажатларини қоплаб бериш механизмлари жорий этилди.
Шунингдек, иштирокчилар фаолиятини бошлаб олишларини рағбатлантириш мақсадида уларнинг банк ҳисоб-рақамларига 5 миллион сўмдан (беғараз) старт депозит маблағи ўтказилди.
Дастлаб Тошкент шаҳри, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятларида танланган фуқаролар ўз фаолиятини муваффақиятли йўлга қўйиб, улар кўрсатаётган хизматлар аҳолига қулайлик яратмоқда.
Келгусида уларнинг фаолияти янада такомиллаштирилиб, даромад манбаини мунтазам кучайтириб бориш мақсад қилинган.
Таъкидлаш жоизки, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилиши мазкур лойиҳа ушбу йўналишдаги муҳим амалий қадам бўлиб хизмат қилади.
Шербек Исломов,
ЎзА