French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронлиги бўлган шахсларни соғломлаштиришда янги мосламадан фойдаланилмоқда
10:26 / 2024-01-24

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилояти ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказига роботлаштирилган мехонатерапия “Ormed Flex-F01” аппаратини топширди.

Вилоятда ягона бўлган замонавий мослама чаноқ сон ва тизза бўғимларидаги контрактурани бартараф этиб, бўғимларнинг букилиб ёзилиш функциясини тиклашда қўлланилади.  

Янгиланган Конституциямизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг  ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш белгилаб қўйилган. Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ўтган қисқа даврда мамлакатимиздаги ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларининг энг яқин кўмакчисига айланди. Ижтимоий хизматлар кўрсатишда янги, синалган услуб ва ёндашувлар жорий этилиб, бу тоифадаги шахсларга эътибор кучайтирилди. Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш ҳам йўлга қўйилди.  

Вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида бир йўла 130 мижозга хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Ўрнатилган янги мослама бўғимларининг букилиб ёзилиши учун эҳтиёж сезаётган ногиронлиги бор шахсларда бу жараённи тиклашга ёрдам беришга мўлжалланган.  

– Муассасамиз ташкил этилганига уч йил бўлмоқда, – дейди марказ раҳбари Мажид Қурбонов. – 130 ўринга мўлжалланган марказда терапея, неврология, таянч ҳаракат тизими каби касалликлардан азият чекаётган ногиронлиги бор кишилар даволанмоқда. Тегишли йўлланма бўйича уларга сифатли хизмат қилиб, соғломлаштириш чораларини кўряпмиз. Роботлаштирилган мехонатерапия аппарати унга эҳтиёжи мавжуд ногиронлиги бор фуқароларни тиббий реабилитация қилишда жуда қўл келади. Унга энг тажрибали тиббиёт ходимларимиз бириктирилган.  

Маълумотларга кўра, вилоятда 76 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахс истиқомат қилмоқда. Марказ бир йилда ўртача 4 минг 500 га яқин ногиронлиги бўлган шахсни соғломлаштирмоқда.  

Холмўмин Маматрайимов,  

ЎзА мухбири