Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда оториноларингология саҳасидаги илм-фанни ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2023 йил 27 февралдаги ПҚ-74-сон ҳамда “Оториноларингология хизматини такомиллаштириш ва унинг кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 1 августдаги ПҚ-255-сон қарорларига мувофиқ, тиббиёт муассасаларида даволанаётган ногиронлиги бўлган болаларни бевосита парваришлаётган шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда оториноларингология соҳадаги илм-фанни ривожлантириш мақсадида болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик қилувчи шахслар (ота-онаси ва бошқалар) учун даволаш даврида давлат стационар тиббиёт муассасаларида бепул овқатланиш йўлга қўйилган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оториноларингология хизматини такомиллаштириш ва унинг кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 1 августдаги ПҚ-255-сон қарорига кўра Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт марказида “Юқори нафас йўллари аъзолари физиологияси ва патологияси”, “Эшитиш ва мувозанат аъзолари физиологияси ва патологияси”, “Фониатрия ва ронхопатия” илмий лабораториялари фаолияти йўлга қўйилган ҳамда ушбу лабораторияларни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштиришга ўтказиш белгиланган эди.
Мазкур қарорга мувофиқ, Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт марказининг базавий молиялаштиришга ўтказиладиган ва илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланадиган тузилмаларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақлаш харажатлари 2024 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2025 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
ЎзА