French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилганларга субсидия берилади
15:37 / 2022-03-15

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар» дея белгилаб қўйилган.

Ҳеч иккиланишсиз айтиш мумкинки, сўнгги беш йилда мамлакатда нафақат Конституцияда белгилаб қўйилган, шу билан бирга халқаро қонунчиликда назарда тутилган инсон қадрини юксалтириш, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда фаровон турмуш кечириши учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш борасида улкан ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналишида барча соҳаларда бўлгани каби фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва саломатлигини сақлашга оид бир қатор чора-тадбирлар белгиланиб, ҳар бир йилга берилган номлардан келиб чиқиб қабул қилинадиган Давлат дастурлари асосида белгиланган вазифалар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Саховат» ва «Мурувват» меҳрибонлик уйлари тизимини янада ривожлантириш борасида бошланган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Ўтган вақт давомида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган 27 та тиббий-ижтимоий муассасада 267,2 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди ва замонавий талабларга мос бўлган 1327 та ўрин фойдаланишга топширилди.

Таъкидлаш жоизки, санаторийларда соғломлаштирилган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар сони 43 минг нафарни ташкил этиб, 20 фоизга ортди, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тақдим этиладиган асосий озиқ-овқат ва гигиена воситалари сони 15 тадан 19 тагача оширилди, ногиронлиги бўлган шахсларга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати 22 турдан 27 тагача кўпайтирилди.

Шу билан бирга, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ваколатли давлат бошқарувини йўлга қўйиш мақсадида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.

Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясини 2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳанг равишда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни меҳнат фаолиятига кенг жалб қилиш орқали ҳаёт сифати ва даражасини ошириш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун янги иш ўринларини яратиш мақсадида 2021 йилнинг 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ушбу ташаббуслар, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида ҳам изчил давом эттирилиши белгиланди. Хусусан, 2022 йил 1 январдан бошлаб Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия берилиш тизими йўлга қўйилди.

Шунингдек, 2022 йилнинг 1 февралидан бошлаб Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда барча ҳудудлардаги касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ҳар чоракда қисқа муддатли курсларни ташкил этилиши белгилаб берилди.

2022 йил 1 июлдан бошлаб эса, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида ногиронлиги бўлган шахслар учун тавсия этилган касблар ва уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, ушбу шахсларни касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича давлат ёки нодавлат таълим ташкилотларига маблағ йўналтирилади.

Шу билан бирга, ушбу тоифага кирувчи ёшларнинг таълимнинг барча босқичларида узлуксиз билим олишларини таъминлаш мақсадида олий таълим муассасаларида улар учун алоҳида давлат грантлари ажратилди. Жумладан, ўзбекистонлик иқтидорли ёшларни хорижнинг нуфузли олийгоҳларида таълим олишлари учун ажратилган «Эл юрт умиди» жамғармаси ҳисобидан ҳар бир йўналиш бўйича ажратилган гарантлардан 20 нафаргача ўрин айнан имконияти чекланган ёшлар учун ажратилиши белгилаб берилди.

Натижада, бугун юртимизда инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган одилона сиёсат ва ташаббуслар барча юртдошимизни бирдек қувонтирмоқда. Яратиб берилган бу каби имкониятлардан унумли фойдаланиб ҳар бир юртдошимиз ҳаётда ўз мақсадлари рўёбида янги ютуқларга эришмоқда. Бу эса, Янги Ўзбекистон тараққиётини янги босқичга олиб чиқувчи халқ ва давлат бирдамлигининг амалдаги ифодаси демакдир.



Фаррух Абдуҳамидов,

«Тараққиёт стратегияси» маркази

бўлим бошлиғи