Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб:
консолидациялашган бюджет маблағлари, давлат иштирокидаги корхоналар маблағлари ва бошқа марказлаштирилган манбалар ҳисобидан, 2025 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар маблағлари ҳисобидан қуриладиган, реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларининг техник қисми ногиронлиги бўлган шахсларга шароитлар яратиш бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказилади;
ҳар йили "Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда" республика жамғармаси маблағларининг камида 10 фоизи чорраҳаларда ногиронлиги бўлган шахслар (пиёдалар) учун хавфсиз ва тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига йўналтирилади. Бунда тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари ҳар йили 1 ноябрга қадар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган чорраҳаларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш дастури асосида амалга оширилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб, фаолият турлари бўйича лицензия беришда объектда шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларга тўсиқларсиз муҳит яратилганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосасини олиш талаб қилинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:
ҳар йили 1 ноябрга қадар кейинги йил учун ўзининг ҳудудидаги камида биттадан кўчани ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиб, унинг қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга оширади;
2024 йил 1 декабрга қадар ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланишлари учун шаҳарсозлик норма ва қоидалари талаблари асосида кўчаларни мослаштиради.
2026 йил 1 январга қадар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланиши учун республиканинг барча ҳудудларини қамраб олувчи тўсиқларсиз муҳит яратилган объектларни аниқлаш имконини берувчи "Интерактив харита" ахборот тизими ишга туширилади.
2024 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва халқаро автобусда йўловчи ташиш йўналишларини, 2025 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлараро, шаҳар атрофи, туманлараро (шаҳарлараро) автобусда йўловчи ташиш йўналишларини жойлаштириш учун тендерларда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳитни таъминловчи ускуналар билан жиҳозланган автобусларга эга бўлган ташаббускорлар иштирок этади.
2024 йил 1 сентябрга қадар вазирлик ва идоралар, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда тизим ташкилотларида бир нафар раҳбар ўринбосари ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратилиши бўйича масъул этиб белгиланади ҳамда унинг зиммасига қуйидаги вазифалар юкланади:
ногиронлиги бўлган ходимлар қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланишлари ҳамда меҳнат қилишлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнат шароитларини яратиб бериш;
биноларга кириш ва чиқишда ногиронлиги бўлган шахслар қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун шароитлар яратилишини ташкил этиш;
ногиронлиги бўлган фуқароларни қабул қилишда уларга қулайликлар яратиш учун зарур мутахассис ва жиҳозлар билан таъминлаш;
объектларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилганда ногиронлиги бўлган шахсларга шароитлар яратиш бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш.
2025 йил 1 январдан бошлаб:
вазирлик ва идоралар, уларнинг тизим ташкилотлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектлар фуқаролар қабули ва сайёр қабулларни ўтказишда мажбурий тарзда сурдотаржимон иштирокини таъминлайди;
вазирлик ва идоралар, уларнинг тизим ташкилотлари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича бир нафар ходими сурдотаржимонлик курсларида ўқитилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг транспортда ҳаракатланиши учун қулай шароит яратиш мақсадида 2024 йил 1 октябрдан бошлаб:
шаҳар йўловчи транспортида I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахсга бепул хизмат кўрсатилади;
I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг шахсий автотранспорт воситаларини мослаштириш харажатларининг 50 фоизи (базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача бўлган миқдорда) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларнинг бино-иншоотлар, транспорт ва ахборот-коммуникация воситаларидан тўсиқиз фойдаланишлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган қулайликларни яратиш мажбурияти бажарилмаганлиги ҳолатлари юзасидан маъмурий жазо чоралари қўлланилади.
ЎзА