Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ногиронлиги бўлган шахслар учун яна бир имконият
21:50 / 2025-02-19

Кейинги йилларда бевосита давлат раҳбарининг ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бор бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бу тоифадаги фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиш орқали ҳаётда ўз ўрнини топишига, оиласига даромад олиб киришига кўмаклашиш ҳам ҳукуматнинг асосий эътиборида.

Хусусан, Қашқадарёда “Камбағалликдан фаровонлик сари” вилоят штаби, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси ҳамда Қарши шаҳри касбий кўникмалар маркази ҳамкорлигида ушбу муассасада Қашқадарё вилояти инклюзив профессионал касб-таълим маркази фаолияти йўлга қўйилди.

“Фаровонлик инклюзив маркази”да камбағаллик реестрида турувчи ва ногиронлиги бўлган шахслар 42 та касб-ҳунар, хорижий тил ва компьютер технологиялари бўйича курсларга бепул ўқитилади. Курслар йўналишига қараб 1 ойдан 6 ойгача давом этади. 

Айни пайтда марказда камбағаллик реестрида турувчи ва ногиронлиги бўлган 51 нафар шахс касб-ҳунар ва компьютер технологиялари курсида ўқитилмоқда. Келгусида марказ фаолияти Шаҳрисабз, Кўкдала, Касби, Деҳқонобод, Қамаши ва Косон туманлари ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.

Мақсад ногиронлиги бўлган шахслар ва камбағал оила аъзоларини касб-ҳунар, хорижий тиллар ва рақамли технологиялар курсларига ўқитиш ҳамда рақобатбардош касб эгаларини тайёрлашни ташкил этиш орқали уларни камбағалликдан чиқаришдир.

– Ўқув курси битирувчиларига касбий кўникмалар маркази томонидан профессионал таълим дипломи даражасига тенглаштирилган ва эгаллаган билимларни меҳнат фаолиятида амалга ошириш ҳуқуқини берувчи сертификат берилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи Жамшид Раҳмонқулов. – Бу борадаги ишларни тизимли давом эттириш мақсадида бошқармамиз ва Қарши шаҳри касбий кўникмалар маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Марказда ўқиш истаги бор бўлган фуқаролар маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ва ижтимоий ходимга мурожаат қилишлари кифоя.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири